Орзуларимиз 2026да ушаладиганга ўхшайди: ФИФА Жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 48 га чиқармоқда!

Article

Очиғи, футбол бўйича жаҳон чемпионатларининг сўнгги босқич саралаш қисмини ҳар сафар “эндигисида қовушади” деган гап билан якунлашимиз одат тусига кириб қолди. Бу сафарги ЖЧ-2018 йўлидаги юришимиз ҳам Эрон ва Жанубий Корея мағлубиятларидан кейин мураккаблашиб қолди. Умид охирида сўнади, дейишади. Лекин бу икки асосий рақибимиз қоқилишини кутадиган бўлсак, яна учинчи ўриндан плей-офф ўйнаб, тақдиримизни қайта синашдан бошқа чорамиз қолмайди.

Сўнгги кунларда интернет миш-мишлари орасида “Бабаян яна терма жамоа билан бирга “Пахтакор”га мураббийлик қиларкан” деган гап урчиди. Очиғи, ишонмадик. Лекин бу тўғри чиқадиган бўлса, яна эски тушкун кунларга қайтишимиз тайин. Чунки ҳар кун кўз ўнгидаги футболчилар мураббийга бошқа клублар ўйинчиларидан кўра кучлироқ туюлиши, собиқ совет давлатларидагина учратиш мумкин бўлган бу “тажриба” натижасида объективлик йўқолиши кўп бора исботини топган. Яна бунга қайтадиган бўлсак, Жаҳон чемпионати орзулари орзулигича қолиб кетиши аниқ.

Бундай хаёллар билан ишқибозлар терма жамоанинг келгуси тақдирини муҳокама қилиб турган бир пайтда, янги умид учқуни ФИФАдан келди. Халқаро футбол ташкилотининг раҳбари Жанни Инфантино ташаббуси билан ЖЧ финал босқичларида иштирок этадиган жамоалар сони 2026 йилги мусобақадан бошлаб 32 тадан 48 тага(!) оширилиши амалга тадбиқ этиляпти.

Агар эртага, 10 январь куни бўлиб ўтадиган ФИФА йиғилишида бу таклиф расман маъқулланса, 2026 йилги жаҳон чемпионатида Осиё қитъасига 8,5 та (8+битта бошқа қитъа вакили билан плей-офф) ўрин берилиши режалаштирилган. Бизнинг терма жамоамиз жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари сўнгги босқичида 5 жамоадан иборат 2 гуруҳнинг бирида 3-4-ўринларни банд этиб келаётганини ҳисобга олсак, 2026 йўлланмаси чўнтагимизда!

Таклиф этилаётган янги форматда 48 жамоа 16 гуруҳга бўлиниб (1 гуруҳда 3 жамоа), ўзаро куч синашишади ва ҳар гуруҳдан 2, жами 32 жамоа плей-офф шаклида мусобақани давом эттиради.

Бунча жамоа билан мусобақа ташкил этишни ўзи бўлмайди. Дунёда инфратузилмасини бундай йирик мусобақага тайёрлайдиган мамлакатлар кам. Демак, 2 ва ундан кўп давлатларнинг мусобақа ўтказиш учун қўшма талабномалари кўпаяди. Қолаверса, дунё миқёсида 48 та тенг кучли жамоани топиш ҳам амримаҳол. Осиёдан Таиланд, Европадан Эстония каби мамлакатлар терма жамоасини жаҳон чемпионатларида кўриб қолиш энди унчалик оддий фараз бўлмай қолади. Эртагалик йиғилиш иштирокчилари бу хусусларни эътиборга олган ҳолда қарор чиқаришади. Кутамиз!