"Олтин қалам" Миллий мукофоти учун халқаро танлов бошланди

no492
Миллий матбуот марказида журналистика соҳасида XII "Олтин қалам" Миллий мукофоти учун халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди, бу ҳақда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси хабар беради.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари Гулнора Бобожонова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Абдужалил Тўраев, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Абдулазиз Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш доимий эътиборда эканини таъкидлади. 
Бу йилги танлов ҳам телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилиб, унда битта бош мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот ҳамда "Энг яхши фоторепортаж" ва "Энг яхши матбуот хизмати" рағбатлантирувчи номинациялари таъсис этилган. Бу йил яна иккита рағбатлантирувчи номинация, яъни "ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун" ва "Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун" номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланади. 
Танловни ўтказиш жараёнида таниқли журналист ва эскпертлардан иборат ҳайъат шакллантирилади. 
Танлов доирасида Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг мукофотлари таъсис этилган. Анъанага кўра БМТ, ЮНЕСКО, ЕХҲТ, ЮСАИДнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари, Словениянинг "Минтақавий мулоқот", Германия Халқ университетлари ассоциацияси каби халқаро ташкилотлар ҳам "Олтин қалам" танловида ўз мукофотлари билан қатнашади. 
Танлов ғолиблари 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида тақдирланади. Ушбу ижодий лойиҳани ўтказиш билан боғлиқ барча сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Биз Twitterда