Одил Аҳмедов "Зенит"га ўтади

Article

Ўтган ҳафта Россиянинг “Краснодар” клубида тўп сураётган ҳамюртимиз Одил Аҳмедовнинг Хитой клубига трансфери ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалиб, кейинчалик улар ўз тасдиғини топмаганди. Лекин, халқимизда “шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди” деган гап бор. Шунинг учун, трансфер масаласига ойдинлик кирмагунча аниқлик киритиш мураккаб бўлсада, бу борада музокаралар бўлганини тўла инкор этиб бўлмайди.

Кейинги йилларда Хитой футболи ўзига хос йўлни танлади. Жамоалар дунёнинг турли мамлакатларидан машҳур футболчиларни неча пулга тушишидан қатъий назар, ўз таркибларига қўшишга бошладилар. Ўтган йили шов-шув бўлган Бразилия термаси ҳужумчиси Халкнинг трансфери бу йил “Челси”дан Хитойга кўчиб ўтган Оскарга ва унинг учун эски клубига тўланадиган сумма олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Дунё медиаси эса бир кун Ибрагимовичнинг, эртаси кун Мессининг Хитой жамоаларидан ақл бовар қилмас таклиф олганликлари ҳақида ёзиб чарчашмаяпти...

Энди Одилга қайтсак. Тўғри, Хитой жамоасига ўтиш молиявий томондан ўта жозибали бўлиши мумкин. Лекин, айнан молиявий тараф ҳам футболчининг келгуси фаолиятига салбий босимини ўтказиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Футбол тарихида бундай мисоллар саноқсиз. Бундан ташқари Аҳмедов Хитой лигасига мослашиб кетишига кафолат беролмайди ҳеч ким. Россияда эса йиллар давомида ўз маҳоратини исботлаб улгурган Одил Аҳмедов учун Санкт-Петербургнинг “Зенит” жамоаси талабгор бўлиб турибди. Тажрибали мутахассис Мирчо Луческунинг иқтидорларни қай даража сайқаллай олишини унинг Туркия ва Украинанинг топ-клубларидаги иш фаолиятидан кўрса бўлади.

Бундан ташқари, терма жамоамизнинг 2018 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиши ҳам Одилнинг ўйинига боғлиқлигига яқинда барчамиз такрор гувоҳ бўлдик. Шунинг учун бугунги ҳолатда Аҳмедов учун ишнинг молиявий томонига оғиб, футбол ҳаётида бетайинлик сари юриш катта хато бўлади.

Буларни Одил Аҳмедов жуда яхши тушуниб турган бўлиши керак. Шу сабабдан унинг Хитойга ўтиши ҳақидаги хабарлар чалғитувчи маневр эканлигига, футболчимиз аслида “Зенит” билан музокаралар ичида эканига ишончимиз комил. Бу фикримизга биз мулоқот қилган рус спорт медиаси вакиллари ҳам қўшилишди. Демак, оз қолди бу трансфер ҳақидаги хабарнинг тасдиқланишига. 

Дилмурод Жумабоев


Биз Twitterда