"Обод марказ" дастури Косонсойда янги ренессанс даврини бошлайди

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 28 февраль ва 1 март кунлари Наманган вилоятига қилган ташрифлари давомида шаҳар ва туманлар марказлари қиёфасини тубдан ўзгартириш бўйича алоҳида топшириқларига кўра ишлаб чиқилган “Обод марказ” дастури асосида вилоятнинг кўплаб туманлари марказлари қатори Косонсой шаҳрида ҳам қисқа муддатда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
 
 
2200 йиллик тарихга эга Косонсой шаҳри ўз тарихида бир неча бор ренессанс даврини бошдан кечирган бўлса, бугунги “Обод марказ” дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида ободликнинг энг юқори чўққисига чиқди десак, муболаға бўлмайди.
 
 
“Обод марказ” дастури ижроси доирасида Косонсойда 31 та объектда янги қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, жами 89,78 млрд. сўм маблағ сарфланди. Бу ишларга “Обод марказ” дастури маблағлари ҳисобидан 33,8 млрд. сўм, корхона, ташкилот ҳамда тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 35,4 млрд. сўм, банк кредит маблағлари ҳисобидан 13,2 млрд. сўм, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 7,38 млрд. сўм йўналтирилди.
 
 
Бажарилган ишларга тўхталадиган бўлинса, туман марказини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида, “Обод марказ” маблағлари ҳисобидан жами 4.4 км тоза ичимлик суви ҳамда 2.1 км. оқава сув тармоқлари тортилиб, бунга 8,7 млрд сўм маблағ сарфланди. Натижада, тумандаги 4200 та хонадонда яшовчи 19,6 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Кўп йиллардан бери туманда халқни қийнаб келаётган муаммолардан бири автомобил йўлларининг сифати эди. “Обод марказ” дастури доирасида 3,4 млрд. сўм маблағ сарфланиб, 19 километрга яқин автомобиль йўллари реконструкция қилинди ва пиёдалар йўлаги ташкил этилди. Йўл четларига тежамкор ёритиш чироқлари ўрнатилди. 
 
 
Республикада ўхшаши йўқ бу дастур асосида олиб борилган ишлар натижасида Миллий маданият маркази, тумандаги 5 та касб-ҳунар коллеж маъмурий бинолари, 2 та касб-ҳунар коллежларнинг спорт заллари, туман Давлат солиқ инспекцияси биноси, туман прокуратура биноси, 1 та кинотеатр биноси мукаммал таъмирланди.
Косонсой соҳили бўйида 1,5 км узунликда барпо этилган Яшил хиёбон ва велосипед йўлакчаси Косонсойга ўзига хос Европа шаҳри кўринишини берди. Вилоятимизнинг энг сўлим боғларидан бири бўлган Косонсой истироҳат боғи, 2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан қайта реконструкция қилиниб, янада жозибадор гўшага айланди.
 
 
Она Ватан ҳимояси учун азиз жонини фидо қилган юртдошларимиз пок номини абадийлаштириш, жумладан икки мингдан зиёд иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган мард косонсойликларга эҳтиром рамзи сифатида қисқа муддатда 1 миллиард сўм сарфланиб, Хотира майдони қуриб битказилди ҳамда майдонда Мотамсаро она ҳайкали қад ростлади.
Шунингдек, Косонсой тумани марказида банк кредити ва тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 5 та янги савдо ва маиший хизмат шахобчалари қурилди ҳамда 96 та мавжуд объект таъмирланди. Туман марказидаги 6 та кўп қаватли уйлар таъмирдан чиқарилди.
Мухтасар қилиб айтганда, “Обод марказ” дастури доирасида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорликлар натижасида замонавий инфратузилмага эга бўлган Косонсой шаҳрида аҳолининг ижтимоий шароитлари янада яхшиланиб, ҳаёт сифати ошиши шубҳасиз.

Биз Twitterда