"Нуроний" жамғармаси Наманган вилояти бўлими янги биноси Хотира ва қадрлаш куни арафасида ишга тушади

 
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрда эълон қилинган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ёши улуғ кишиларимизнинг қадр-қимматини юксак даражага кўтариш, фаоллигини  оширишда муҳим қадам бўлди.
— Маълумки, кекса авлод вакилларини ижтимоий-қўллаб қувватлашга йўналтирилган “Нуроний” жамғармаси, унинг жойлардаги ҳудудий тузилмалари ҳозирга қадар зиммасига юклатилган вазифаларни  сидқидилдан уддалаб келди, — дейди Ўзбекистон Фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси Икромхон Нажмидинов. — Янги Фармон асосида бу тузилманинг жамоат бирлашмаси шаклидаги жамғармага айлантирилиши унинг моддий-техник имкониятларини мустаҳкамлаш, шунингдек, жойларда кексалар турмуш сифатини ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни кучайтириш, бир сўз билан айтганда, нуронийларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини фаоллаштиришнинг қўшимча имкониятларини юзага келтириши билан аҳамиятли. Масалан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик тартибида фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари — кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимининг киритилиши кўнгилдагидай иш бўлди. Ҳозирги пайтда маҳаллий бошқарувнинг асосий  негизига айланган бу идорада фаолият кўрсатадиган маслаҳатчи давлатимизнинг кексаларга оид сиёсатини юритиш, пенсияга чиққан, бироқ ҳаётий тажрибаси, ўзига яраша ғайрати билан умумишга ҳиссасини қўшишни ният қилган инсонларни бирлаштириш, уларни ҳудуд кундалик ҳаётидаги юмушларни рўёбга чиқаришга жалб этишда ҳал қилувчи ўрин тутади, албатта. Ёки “Маҳалла” хайрия фонди томонидан умумхалқ байрамларига бағишлаб ўтказиладиган ҳашарлардан тушадиган маблағнинг 10 фоизини ҳар йили “Нуроний” жамғармасига ўтказилиб берилиши кўзда тутилгани кўпдан-кўп вазифаларимиз ижросини молиявий жиҳатдан таъминлашга амалий кўмак бўлади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари вилоятимизда ҳам Фармон ижросини ташкил этишга жадал киришилди. Шаҳар ва қишлоқларда истиқомат қилаётган 244 минг нафарга яқин пенсия ва ижтимоий нафақа олувчи фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан истиқболли чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. Асосий вазифалар орасида бой тажрибага эга оқсоқолларнинг қимматли тажрибаларидан унумли фойдаланиш мақсадида уларни жамият ҳаётининг турли жабҳаларига жалб этиш устувор ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, 3500 нафарга яқин нуронийларни қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари, ўзини ўзи бошқариш идораларига бириктирилди. Масалан, таълим соҳасида 810 нафар отахон ва онахонларимиз ўз тажрибаси, маслаҳат ва фикрлари билан ёшларга яқиндан ёрдам бераётир. Маҳалла фуқаролар йиғинларида эса, 1900 нафар кексалар йиғин оқсоқоли, фаоллар билан биргаликда ҳудудда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, ёшлар тарбияси, тўй ва бошқа маросимларни ташкил этишда бош-қош бўлаётир. Масалан, чустлик Тожиддин Иномхонов нафақага чиққунга қадар матбуот соҳасида ишлаган. Ҳали ғайрати сўнмаган отахон ҳозирги кунда вақтининг асосий қисмини тумандаги Ҳисорак маҳалла фуқаролар йиғини идорасида ўтказяпти. Унинг беминнат маслаҳати билан ҳудуддаги муаммолар ўз ечимини топмоқда. Мингбулоқлик Абдусалом Ғафуров эса аграр соҳада орттирган тажрибаларини ёш фермерлар билан баҳам кўряпти. Янгиқўрғонлик кекса педагог Маъсуда Ёрқинбоева ўзи яшаётган ҳудуддаги умумтаълим мактабига бириктирилган.
Президентимиз Фармонида “Маҳалла” хайрия фонди раҳбариятининг жамоатчилик асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари— кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий қилиш тўғрисидаги ташаббуси маъқулланган эди. Айни пайтда жойларда ушбу лавозимга муносиб номзодларни танлаш ишлари олиб бориляпти. Бунда номзодларнинг меҳнат ва ҳаётий тажрибаси, кўпчилик билан ишлаш қобилияти ва бошқа жиҳатларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Наманган шаҳридаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғи ҳудудида вилоят бўлими учун маъмурий бино барпо этишга киришилди. Унинг ёнида оталар чойхонаси ва спорт зали ҳам бунёд қилинади. Қурилиши учун 1,2 миллиард сўм маблағ сарф этиладиган ушбу фахрийлар мажмуасини май ойида — Хотира ва қадрлаш куни арафасида фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, бир қатор туманларда ҳам бўлинмалар учун замонавий бинолар ажратилиб, оргтехника ва бошқа керакли жиҳозлар билан таъминланди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ ёзиб олди

Биз Twitterда