Ноқонуний чиқинди ташлашга қонун чора кўрмоқда

 
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада муҳофаза қилиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, шу орқали ҳудудлар санитария ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ҳам тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бунда асосий эътибор аҳолида экологик маданиятини юксалтириш, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлашни олдини олиш, “Тоза худуд” давлат унитар корхонаси фаолиятини янада такомиллаштириш ва шу орқали фуқароларга сифатли хизмат қилишга қаратилган.
Агар жорий йилнинг ўтган қисқа вақт ичида олиб борилган ишларни таҳлил этадиган бўлсак, давлат инспекторлари томонидан таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотларда 100 яқин тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Ташкил этилаётган тадбирларда аҳолига атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари билан бир қаторда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни тартибга солишга қаратилмоқда. Шунингдек, бошқарма давлат инспекторлар мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда белгиланмаган жойларга чиқинди ташлашни олдини олиш, ноқонуний чиқиндихоналарни фош этишга қаратилган рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, олиб борилаётган тушунтиришларга қарамасдан, ҳали-ҳануз айрим фуқароларимиз томонидан асосан кечки вақтларда кўча юзларига, белгиланмаган жойларга, ариқ, сой қирғоқларига тўпланиб қолган маиший чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари учрамоқда.
 Мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, жорий йилнинг 5 январь куни Ишчи гуруҳ томонидан Наманган шаҳрининг марказий Навоий кўчасида рейд тадбири ўтказилди. Тадбир давомида Наманган шаҳар, “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини, “Катта ариқ” кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Шуҳрат Оғалиқов яшаш хонадонида тўпланиб қолган маиший чиқиндиларни давлат рақами 50 652 ОАА бўлган “Дамас” автомашинасида олиб келиб, кўчага ташлаётгани маълум бўлди. Ишчи гуруҳ томонидан фуқаро Ш.Оғалиқовга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли тартибда жаримага тортилди. Ёки 24 январь куни айнан Навоий кўчада ўтказилган рейд давомида “Мажнунтол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Баҳодир Фахриддинов ўзига қарашли автомашинада маиший чиқиндиларни ташлаб кетаётганлиги аниқланди.
Бошқарманинг Наманган шаҳрига бириктирилган давлат инспекторлари томонидан жорий йилнинг январь ойида ўтказилган рейд мобайнида жами 19 та ҳолат аниқланди. 7 нафар фуқарога маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қолган 12 нафар фуқаро вояга етмаганлиги учун огоҳлантириш хати берилди.
Умуман олганда, ўтказилаётган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад шаҳримиз кўчаларини янада озод сақлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган. Бундай рейд тадбирларини мунтазам ўтказилиши белгиланган.
Шу ўринда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фуқароларимиздан яшаш хонадонидаги маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаб кетиш маъмурий жавобгарликга олиб келишини маълум қилади.
 Қ.Мираҳмедов,
Вилоят атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг
Наманган шаҳрига бириктирилган давлат инспектори

Биз Twitterда