Назарбоев Мирзиёевга: Биз сизни жуда кутган эдик!

Қозоғистонга давлат ташрифи билан келган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 март куни Остона шаҳрида “Ватан ҳимоячилари” монументига гул қўйди.
Тинчлик, озодлик йўлида жон фидо қилган ватанпарвар инсонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Шавкат Мирзиёев Қозоғистон пойтахтидаги Давлат раҳбарлари хиёбонига кўчат ўтқазди. Бу ерда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эккан дарахт баравж ўсмоқда. 
Шундан сўнг Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев давлатимиз раҳбари Шавкат  Мирзиёевнинг Оқ Ўрда қароргоҳида қабул қилди.  "Мен чин қалбимдан, биродарларча “қозоқ заминига хуш келибсиз” дейман. Биз сизни жуда кутган эдик. Бу сизнинг Қозоғистонга президент сифатидаги илк ташрифингиздир. Аввало, ўзбек халқининг юксак ишончи билан президент бўлиб сайланганиз муносабати билан муборакбод этамиз. Ўзбекистон бизга стратегик ҳамкор, қўшни ва қардош мамлакатдир. Қозоғистон ҳукумати ва халқи юртингизга доимо тотувлик ва бахтиёрлик тилайди. Бундан кейин ҳам иқтисодий ҳамкорлик борасида, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистонга ва шахсан сизга  таянамиз. Бу сафарингиз муваффақиятли бўлиши учун бор имкониятимизни ишга соламиз", - деди Қозоғистон президенти Мирзиёевга.
Шунингдек, Назарбоев икки томонлама музокаралар чоғида 75 та шартнома имзоланишини айтиб ўтди.
"Биз ўз музокараларимизни кеча бошладик. Чегараларни очиш бўйича, транспорт ва савдо соҳаларида олиб борилган ишлар мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқаларини ошишига катта таъсир кўрсатгани ҳақида гаплашдик. Янги турдаги маҳсулотлар бизга кела бошлади. Улкан бизнес-форум ўтказилмоқда. Унда икки давлатнинг 500 дан ортиқ бизнесменлари иштирок этишмоқда. Менга айтишларича, 1 миллиард доллар қийматга эга 75 та шартнома имзоланади. Давлатларимиз ўртасидаги иқтисодий муносабатлар тарихида биринчи бор бундай йирик битимлар имзоланмоқда", - деди Назарбоев.
Нурсултон Назарбоев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ҳам чуқур ҳурмат билан ёдга олди. "Ўзаро алоқаларимиз тамал тошини биз Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан қўйганмиз. У менинг қалин дўстим эди. Унинг жойи жаннатда бўлсин.  Энди биз сиз билан бу анъаналарни биродарларча, бир-биримизга дилимизни очганча давом эттирамиз", - деди Назарбоев.

Биз Twitterда