Навоий ворислари Наманганда беллашдилар

 
Наманган шаҳридаги 11-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг концертлар залида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши томонидан “Навоий ворислари” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши ижроси асосида ташкил этилган танловда кўрикнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб чиққан, умумтаълим мактабларининг 11 ёшдан 15 ёшгача бўлган 12 нафар иқтидорли ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Наманган Давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Фарида Каримова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими адабий маслаҳатчиси, шоира Руқия Ғозиева буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой ижодий меросини чуқур ўрганиш, тарғибот қилиш орқали ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни Ватанга муҳаббат, элга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Танловни ўтказишдан мақсад Навоий ижодини том маънода халқ мулкига айлантириш ҳамда халқ таълими тизимида жонбозлик кўрсатаётган она тили ва адабиёт ўқитувчилари, аълочи ўқувчиларни рағбатлантиришдан иборатдир. Қолаверса, Навоийнинг юксак инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини навқирон авлод онгига сингдириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади.
Дарҳақиқат, танловда иштирок этган ўғил-қизлар ўз чиқишларида Ҳазрат Навоий ижодини нечоғлик меҳр билан ўрганаётганликларини, чинакам улуғвор сўз санъатини чуқур англашга интилаётганликларини кўрсатди. Адабий танловда 12 нафар энг сара иштирокчи энг кўп ғазал ёд олиш, ғазални бехато ва ифодали ўқиш, ғазал матнининг насрий баёни (ёзма шарҳи)ни ярата олиш, ғазал матнидаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаб бера олиш каби шартларни бажариш орқали ўз билимларини намойиш этдилар.
– Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси миллий ғурур ва шаън туйғусини мустаҳкамлаган ҳолда, халқимизда миллий ўзликни англашни ўстириш масалаларига ҳамма вақт катта эътибор қаратади, – дейди партия вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” етакчиси Илҳомжон Ҳожиев. – Биз киммиз? Бизнинг аждодларимиз ким? Бизнинг миллатимиз нима ҳисобидан юксалди ва бутун жаҳонга машҳур бўлди?” каби саволлар ҳамма вақт Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг диққат марказида бўлади. Шу нуқтаи назардан Алишер Навоий ижодий фаолияти, у қолдирган бой адабий мерос ушбу саволларга жавоб топишга ёрдам беради.
Нуфузли ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, танловда 1-ўринни эгаллаган Уйчи туманидаги 11-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ойдина Эргашева келаси йилнинг февралида Навоий шаҳрида бўладиган танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Кўрик-танловда 2-ўрин Наманган туманидаги 24-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Дилдора Ҳабибуллаева, 3-ўрин Тўрақўрғон туманидаги 7-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Нодира Олимжоновага насиб этди. Ғолиблар партия вилоят Кенгаши томонидан диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда