«НАВБАҲОР»ГА ТАЖРИБАЛИ ФУТБОЛЧИЛАР ҚЎШИЛИШМОҚДА

Article

2017 йилнинг илк назорат учрашувини «Олмалиқ»га қарши ўтказган наманганликлар кичик, 1:0 ҳисобида ғалабага эришдилар.

«Бунёдкор» стадионининг заҳира майдонида бўлиб ўтган ўйинда наманганликлар янги ўйин услубларини намойиш этишга уринишди. Хар икки жамоага янги мураббий тайинлангани икки мураббийнинг ўзаро ақлий жанги бўлишидан дарак берарди. Кутилганидек бўлди ҳам. «Лочинлар» мураббийи Илҳом Мўминжоновнинг жамоаси 1-бўлимда ҳимояда барқарор ўйин намойиш этди ва рақибнинг кучли ҳужумларини бартараф этишнинг уддасидан чиқди. Нафақат биринчи 45 дақиқаликда балки ўйиннинг охирги дақиқаларига қадар «Навбаҳор»нинг ҳимоявий позицияси деярли хатога йўл қўймади. Учрашувда ўтган мавсум «Олмалиқ» шарафини ҳимоя қилган Зоҳир Пиримов ўзининг ажойиб ҳаракатлари билан ўзгача таассурот қолдира олди. Иккинчи бўлимда жамоалар ҳужумкор ўйин кўрсатишди ва натижада «Олмалиқ» хатосидан фойдаланган наманганликлар қарши ҳужумдан унумли фойдаланиб, рақиб дарвозасини ишғол этишди. Виктор Кумиков шогирдлари ҳам ўйинда бир нечта голли вазиятларни яратишга эришдилар, Лекин, якунда «лочинлар» ғалабага эришдилар. Хар куни икки маҳалдан тайёргарлик олиб бораётган «Навбаҳор» 13 январь куни «Машъал»га қарши яна бир назорат учрашувини ўтказади.

«Лочинлар» таркибларини аста-секин маҳоратли ва иқтидорли футболчилар билан тўлдиришмоқда. Зоҳир Пиримов (Олмалиқ), Мирзоҳид Ғофуров, Ғиёс Комилов (Машъал), Жаҳонгир Меҳмонов, Алишер Саматов (Нефтчи), Рўзим Аҳмедов (Андижон) шулар жумласидан. Шунингдек, «Навбаҳор» кўригида АҚШнинг NLS лигаси собиқ ўйинчиси, «Бока Хуниорс» жамоасида тўп сурган ўзбекистонлик Тоҳир Усмонов ҳам бўлиб турибди. Унинг жамоада қолиш ёки қолмаслиги яқин кунлар ичида маълум қилинади.

Акмал Эшонхонов

Биз Twitterда