Наманган вилояти ОИТС марказига иккита «Дамас» автомашинаси берилди

Наманган вилоятида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турли хавфли касалликларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишнинг янгидан-янги усул ҳамда икониятларини қидириб топиб, амалиётга тадбиқ этиш борасида изчил иш олиб бориляпти. Бу ўринда вилоят ОИТСга қарши кураш марказида жорий қилинаётган янгиликлар эътиборга моликдир. Мазкур муассаса фаолиятининг асосини  ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ташкил этади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросига устувор аҳамият қаратилмоқда.

   Бу йўналишдаги ишлар жамланган вилоят дастури ишлаб чиқилган. Унда белгиланган вазифалар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда босқичма-босқич бажарилмоқда. Бутун фаолият таълим масканларига, аҳоли истиқомат жойларига кўчирилган. Ҳудудларда олиб борилаётган ташвиқот ишлари натижасида юртдошларимизнинг бедаво дард ҳақидаги тушунчаси бойитилмоқда. Энди бу мақсадга йўналитирилган ишлар доирасини янада кенгайтириш имконияти яратилди. Вилоят ҳокимлигининг мадади билан марказга иккита “Дамас” автомашинаси берилди.

   Шу муносабити билан тақдимот маросими бўлиб ўтди. Уни вилоят ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Раҳмонжон Абдуллаев кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров ва бошқалар муассаса автотраспорт паркининг бойитилиши хизмат натижадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

  Шундай қилиб тиббий тарғибот ишларини олиб борувчи гуруҳнинг имкониятлари тағин ҳам кенгайди. Энди шифокор ва мутахассислар вилоятимизнинг барча ҳудудлари, айниқса олис қишлоқлари аҳолисига  ҳам малакали тиббий хизмат кўрсатадилар.

Биз Twitterда