Наманган туман ИИБ Қўриқлаш бўлими ходими, ўзини ўлдирмоқчи бўлган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди

 
Ички ишлар ходимларимизнинг катта қисми ўз хизмат вазифаларини қойилмақом қилиб уддалашларини ҳаммамиз яхши биламиз. Бироқ бугунги кунда ИИВ таркибида хизмат олиб бораётган шундай ходимлар ҳам борки, улар ўзларига белгиланган вазифадан ташқари, инсон ҳаёти ва хавфсизлиги учун қилиниши керак бўлган ҳар қандай ҳаракатга тайёр турадилар.
Наманган туман ИИБ Қўриқлаш бўлими ходими, кичик сержант Музаффар Жумабоев ҳам ана шундай ҳар сонияда сергак тургувчи фидойи ходимлардан биридир. Ўзига белгиланган Наманган тумани Қоракўл қишлоғи ҳудудидаги Сирдарё кўприги хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, ёш ходимларга устозлик ҳам қилиб келаётган тажрибали ходим ҳисобланади.
20 август куни кундузи иккилар чамасида кўприк олдига яқинлашиб кела бошлаган ёш жувон, Музаффар Жумабоевда шубҳа уйғотди. Негадир аёлнинг кўриниши ғалатироқ эди. Тўхтатиб, бу ерда бўлиши сабаби сўралганда, кўприк устида сайр қилмоқчи эканини айтади. Шубҳали кўрингани учун қайд дафтарига исми шарифи ёзиб олинади. Аёл ўз йўлига кетади. Бироқ ҳушёр ходим аёлнинг ортидан бироз масофа билан секин аста кузатганча одимлаб боради. Кўприк ўртасига етганда, бирдан кўприк қирғоғига чиқишга уринган аёлни Музаффар Жумабоев аранг тўхтатиб қолади. Аёл эса ўзини қўйиб юборишни, ҳаётдан тўйиб кетганини, ўзини сувга ташлаб ўлдирмоқчи эканини айтади. Ички ишлар тизимида кўп йиллик тажрибага эга бўлган Жумабоев, психологик далда берувчи гаплар билан аёлни тинчлантиришга эришади ва кўприк четидан олади. Сўнгра аёлдан олинган маълумотлар асосида унинг турмуш ўртоғига телефон қилади. Аёл истиқомат қиладиган МФЙ раиси, участка инспектори, маҳалла вакиллари ҳамда аёлнинг оила аъзолари кўприкка етиб келишади.
Маълум бўлишича, Наманган туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган, икки фарзанднинг онаси Б.Ў. воқеа куни эрталаб турмуш ўртоғи билан оилавий масалаларда жанжаллашиб қолади ва уйдан чиқиб кетади. Оиласи аъзолари Музаффар Жумабоевдан телефон қўнғироғи бўлгунга қадар уни қидиришаётган экан.
Қўриқлаш хизмати ходимининг сайъ-ҳаракатлари билан бир инсоннинг умри сақлаб қолинди, икки норасида бола етим бўлмади, энг асосийси “онаси ўзини ўлдирган” деган тавқи лаънат билан яшамайдиган бўлди. Бир оила эркаги ўзининг жанжали оқибатида турмуш ўртоғи ўзини ўлдирди деб жиноий жавобгарликка тортилишдан қолди...
Музаффар Жумабоевдек ходимлар бор экан, жамиятимизда ички ишлар ходими деган ном шарафли унвон бўлишда давом этаверади..
Санжарбек Ҳамидов

Биз Twitterда