Наманган туманида металл қувурлар (трубалар) ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

 
Наманган туманида 2018-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 135 миллиард сўмдан ортиқ жами 39 та лойиҳа амалга оширилиши белгилаб олинган. Бугун бу лойиҳаларнинг катта қисми ҳаётга табдиқ этиб бўлинди, қолганлари ҳам амалга ошириш жараёнида.
Наманган туманида ўтган йили Россиянинг “Микс” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистон-Россия “Миксал” қўшма корхонаси стратегик маҳаллийлаштириш нуқтаи назаридан нафақат Наманган тумани, балки бутун вилоят учун аҳамиятлидир. Корхона турли диаметрларда металл қувурлар (трубалар) ишлаб чиқариш линиясини йўлга қўйди. Бир неча кундан кейин дастлабки маҳсулот харидорларга етиб боради. Ҳозирда келтирилган Хитой технологиясини созлаш ҳамда ундан фойдаланиш бўйича Хитойдан келган мутахассис корхона ходимларига сўнгги “мастер-класс”ларни ўтмоқда.
 
 
– Корхонамизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг яна бир жиҳати, оддий металл қувурлар билан бирга, зангламас (нержавейка) қувурлар ҳам ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимизга маҳаллий бозор билан бирга, хорижда ҳам ҳозирдан талаб бор, – дейди Vodiymedia мухбири билан суҳбатда корхона раҳбари Одилжон Отабоев. – Қувур ишлаб чиқариш линияси учун Хитойдан 150 минг АҚШ доллари қийматида технологияларни сотиб олиб келтирдик.
“Миксал” қўшма корхонасининг лойиҳаси металл қувур ишлаб чиқариш билан бирга шифер ишлаб чиқариш ҳамда дон маҳсулотларини қайта ишлашни ҳам ўз ичига олади. Умумий қиймати 11, 1 миллиард сўм бўлган бу лойиҳага ўзбекистонлик тадбиркорнинг 3,7 миллиард сўмлик маблағи, 1,5 миллиард сўмлик банк кредити жалб этилган бўлса, хорижлик шерикларнинг 750 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан тўғри сармояси киритилган. Корхона тўла ишга тушгач, ишлаб чиқариш линиясининг ўзида 50 дан зиёд иш ўрни яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 13 миллиард сўм бўлиши кўзда тутилган бўлса, йиллик экспортнинг минимал миқдори 200 минг АҚШ доллари бўлиши режалаштирилган.

Биз Twitterда