"Namangan Open": Бўлажак Шумахерлар баҳсидаги қизғин курашлар

Картинг автоспорт “нарвони”нинг биринчи поғонаси ҳисобланади. Формула-1нинг кўплаб пойгачилари ўз фаолиятларини айнан ушбу спорт туридаги иштироклари билан бошлашган. Бундай машҳурлар сирасига Михаэль Шумахер, Мика Хаккинен, Фернандо Алонсо, Айртон Сенна ва Себастьян Феттелларни қўшса бўлади.
 
 
Учқўрғон туманидаги картинг спорт мажмуасида мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши ташаббуси билан картинг спорти бўйича Наманган вилоят очиқ кубоги - “Namangan Open”нинг биринчи босқичи ўтказилди.
Ушбу мусобақада вилоятимиз шаҳар, туманларидан ташқари, қўшни Андижон ва Фарғона вилоятларидан 75 нафар спортчи иштирок этди.
Кубокнинг дастлабки босқичи дастуридан ўрин олган 9 ёшгача бўлган қатнашчилари орасида “50 см. куб” йўналишида Наманган вилояти Уйчи туманидан Ямина Эгамбердиева энг юқори кўрсаткични қайд қилди. Иккинчи ўринни янгиқўрғонлик Азимжон Ғайбуллаев эгаллади. Фарғона вилоятидан келган Исмоилжон Саидов кучли учликни якунлаб берди.
13 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида “61,5 см. куб” синфи бўйича уйчилик Музаффар Муҳаммаджонов барча рақибларидан устун келди. Мингбулоқдан Азамат Анваржонов маррага иккинчи бўлиб етиб келган бўлса, фахрли учинчи бўлиш Андижон вилояти вакили Салимжон Ўрмоновга насиб қилди.
17 ёшгача бўлган иштирокчиларнинг “127 см куб” синфида янгиқўрғонлик Тўхтамурод Эрматов ғолиб чиқди. Косонсойлик Иброҳим Мамажонов ва учқўрғонлик Асадбек Абдулҳофизов мос равишда иккинчи, учинчи ўринларни бўлишиб олдилар.
18 ёшдан катталар ўртасида “125 см куб” синфининг “союзний” йўналишида ўтган пойгаларда Наманган шаҳридан Сарвар Сардоров ғолиб сифатида эътироф этилди. шунингдек, Фарғона вилоятидан Тоиржон Қосимов, учқўрғонлик Илья Красненко ҳам ҳурмат шоҳсупасига кўтарилди.
Катталар ўртасида “125 см куб” синфининг “Восток” йўналишида андижонлик Исломжон Исмоиловга тенг келадиган рақиб топилмади. Ундан кейинги марраларни уйчилик Раҳимжон Тўрабоев ва Норин туманидан Қобилжон Эргашев забт этдилар. “Эркин” йўналишда эса Уйчи туманидан Адҳамжон Эгамбердиев “финиш” чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди. У ғолиблик йўлида Наманган шаҳри вакиллари Муҳаммад Кукибоев ва Элдор Эшматовни ортда қолдирди.
“250 см. куб” бўйича кечган яна бир қизиқарли пойгаларда фарғоналик Султон Исмоилов, тўрақўрғонлик Бахтиёр Жўраев ва уйчилик Шерали Абдуллаев ғолиб-совриндор деб топилдилар.
Умумжамоа ҳисобида Уйчи тумани ўқув спорт-техника клуби жамоаси биринчи, янгиқўрғонликлар иккинчи, мингбулоқликлар учинчи бўлишди.
Мусобақа якунида мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаевлар ғолиб спортчиларни диплом, медаллар, эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Оқилхон Дадабоев

Биз Twitterда