Наманганнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури: Уйчи тумани, 26 та истиқболли лойиҳа, 15,1 млн. доллар инвестиция!

Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 24 ноябрдаги "2016-2019 йилларда Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги ПҚ-2439-сонли қарорига асосан вилоятда саноат соҳасида бир қатор истиқболли лойиҳаларнинг ишга тушиши режалаштирилган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2016-2019 йиллар давомида Уйчи туманида ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида 26 та истиқболли лойиҳа, шундан 16 та янги қувват ва 10 та модернизация лойиҳаси тасдиқланган. Ушбу лойиҳаларга умумий сарфланадиган жами маблағ 15,1 млн. доллар, шундан лойиҳа ташаббускорлари ўз маблағи ҳисобидан 5,6 млн. доллар, тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 9,1 млн. доллар ҳамда хорижий инвестиция ҳисобидан 400 минг долларни ташкил этади. Мазкур лойиҳаларнинг ишга тушиши ҳисобига 638 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бугунги кунга қадар  туманда 7 та лойиҳа ишга туширилиб, жами 2 млн. 834 минг доллар маблағ сарфланди.
Юқоридаги қарор ижроси бўйича "Анас транс сервис" масъулияти чекланган жамияти томонидан 2017 йилнинг 1-чораги давомида тери маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳаси ишга туширилди. Ушбу лойиҳани амалга оширишда Хитой давлатининг "YANTAI co LTD" фирмасининг терини қайта ишлаш технологик ускуналари ўрнатилиб, йиллик қуввати 5,0 млн. доллар ёки 100 минг дона терини қайта ишлаб чиқариш дастгоҳи  олиб келиб ўрнатилди. Шунингдек, жамиятнинг келажакда ишлаб чиқаришнинг 2-босқичида Хитойнинг энг сўнгги замонавий ускуналарини ўрнатиш режалаштирилган. Йиллик қуввати 2,0 млн. долларлик ёки 20 минг дона тери қайта ишланиб, тайёр бўялган ҳолатда етказиб берилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 70 фоизи Хитой давлатига экспорт қилинади, 30 фоизи эса ички бозорга чиқарилади.
 
 
3-босқичда эса замонавий тикув-бичув ускуналари ўрнатилиб, йиллик қуввати 3,0 млн. долларлик тери галантерея (эркаклар ва аёллар сумкаси, чарм куртка ва ҳоказо) маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. 2020 йилга қадар корхона томонидан барча босқичлар ишга туширилиши ҳисобига экспорт қилинадиган саноат маҳсулотлари ҳажми йилига 7,0 млн. долларни ташкил қилиб, яратиладиган янги иш ўринлари сони 120 тага етади.
Яқинда "Анас транс сервис" масъулияти чекланган жамиятининг тери маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳасининг ишга туширилишига бағишланган маросим бўлди. Уни туман ҳокими Абдуғани Турдиев очди. Маросимда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, ушбу жамиятнинг истиқболи порлоқ бўлишини ва вилоятимиз саноат корхоналари орасида ўз ўрнини топишида жамоа ишларига муваффақиятлар тилади.
Жамият раҳбари Равшан Отажонов ишонч учун миннатдорчилик билдириб, янги лойиҳалар устида ишлаш ва иш ўринларини кўпайтириш бўйича режалари ҳақида сўзлаб берди.
Шу куни нуронийлар вакиллари бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашиб, дуои фотиҳалар қилишди.
Муҳаммадали ҚАМБАРОВ.
Суратда: жамият ишчилари хитойлик ҳамкасблари билан.

Биз Twitterда