Наманганлик Муҳаммадқодир Тоштемиров оғир атлетика бўйича Осиё чемпиони бўлди

 
19-27 октябрь кунлари Шимолий Корея пойтахти Пхеньян шаҳрида бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этган Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани вакили Муҳаммадқодир Тоштемиров фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.  
81 кг вазн тоифасида иштирок этган Муҳаммадқодир даст кўтаришда 156 кг билан биринчи бўлган бўлса, силтаб кўтаришда 186 кг натижа билан иккинчи ўринни эгаллади. Жами ҳисобда 342 кг натижага эришган Тоштемиров, иккинчи ўринни эгаллаган мезбон Кванг Рйол Рони 10 кг ортда қолдирди.
 
 
Чемпионатда иштирок этган туманнинг яна икки спортчиси — Лайло Хурсанова иккинчи, Нурдиёр Абдухалилов эса тўртинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Шу муносабат билан Янгиқўрғонда зафар қучиб қайтган атлетларни шарафлаш тадбирлари бўлиб ўтди. Улар чемпион шуғулланадиган туман марказидаги  1-сонли ва совриндорлар тарбияланадиган Нанай қишлоғидаги 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўтказилди.
 
 
Чемпион ва совриндорларга вилоят жисмоний  тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокиржон Қорабоев ҳамда туман ҳокими ўринбосари Диёрбек Бойчаев қимматбаҳо совғаларни топширди.

Биз Twitterда