Наманганлик ихтирочи хотин-қизлар

 
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Бошқарувининг 2017 йил 9 октябрдаги ХIV йиғилишида тасдиқланган қарор асосан ташкил этилган “Ихтирочи аёллар” уюшмаси фаолият бошлаганига унча кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо аъзолар сафининг кенгайиб бораётганлиги ҳар жабҳада фаол опа-сингилларимиз ихтирочиликда ҳам ўзига хос билим, салоҳият, қобилият соҳибаси, янги ғоялар ташаббускори эканликларини яна бир карра намоён этмоқда.
Бунга Наманган давлат университети анжуманлар залида вилоят Хотин-қизлар қўмитаси бошчилигида “Ихтирочи аёллар” уюшмаси томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар Қўмитаси ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” 1- республика танловининг вилоят босқичида ҳам кўпчилик амин бўлди.
Тадбир аввалида сўз олган НамДУ ректори, техника фанлари доктори, профессор Абдусалом Умаров, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Хакимахон Азимова, вилоят “Олима аёллар уюшмаси” ва НамДУ Хотин-қизлар қўмитаси раиси ф.ф.д Ҳуринисо Усмонова ва бошқалар танловнинг бугунги кун учун аҳамияти, юртимизда тадбиркорлик айниқса янги инновацион ғоялар, технологияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда бу борада хотин-қизларга бўлган эътибор хусусида алоҳида тўхталиб, иштирокчиларга омад тилашди.
“Ихтирочи аёллар” уюшмаси раиси, НамДУ докторанти Азиза Турғунбоева янги ташкил этилган уюшма, танловнинг асосий мақсад ва вазифалари шунингдек танловда иштирок этиш истаги билдирилган мурожаатлар ҳамда вилоят босқичигача ўтказилган жараёнлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Муҳими тақдимот тарзида ўтган танловда зиёли, тадбиркор, ҳунарманд, ва илмий иш устида изланаётган, талаба сифатида олийгоҳда таҳсил олаётган 20 ёшдан 35 ёшгача ва ундан катта ёшдаги хотин-қизларимиз тиббиёт, таълим, спорт, илм-фан йўналишидан тортиб, мактабгача таълим, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик ва туризмни йўлга қўйиш, ижтимоий масалаларни қамраб олган турли йўналишлар бўйича 20 га яқин бир-биридан муҳим ва ранг-баранг мавзулардаги янгидан-янги инновацион лойиҳаларни намойиш этишди.
Жумладан, “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши фойдали модель”, “Энг яхши рационализаторлик таклифи”, “Таълим соҳасидаги энг самарали инновацион лойиҳа”, “Кичик бизнес учун энг самарали инновацион лойиҳа”, “Ёш тадбиркор аёлнинг кичик бизнес учун энг истиқболли инновацион лойиҳаси”, “Энг яхши ЭҲМ учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси”, “Энг яхши саноат намунаси”, “Кичик бизнес учун энг самарали инновацион лойиҳа ва “Омадли старт”, “Аёллар илмий жамоасининг энг самарали инновацион лойиҳаси”, “Тиббиёт соҳаси бўйича энг яхши инновацион лойиҳа” номинациялари ғолиблиги учун НамМТИ катта ўқитувчиси Сурайё Мисирова “Манзарали гулларни замбуруғ турли қўзғатувчи касалликлари ва уларга қарши кураш чоралари” , НамДУ катта ўқитувчиси Дилхумор Мирзаабдуллаева “Жамиятни руҳий ва ахлоқий соғломлаштиришда креатив ёндашув”, НамМТИ ассистентлари Шоира Содиқова “Қанджўхори поясидан фруктоза сиропи ва концентратларини тайёрлаш технологияси”, Шоира Хасанова “Толали чиқиндилардан фойдаланишни технологик имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш асосида ип-йигирув корхоналарининг иқтисодий самарадорлигини ошириш”, НамДУ ўқитувчилари Қизлархон Аҳмаджонова, Юлдуз Сотимбоева “Кичик боғча ёшидаги ва бошланғич синф ўқувчиларига чет тиллари (инглиз, рус) ўргатишда мультимедиали электрон дарслик”, НамМТИ услубчиси Зулфия Мамадалиева “Наманган вилоятида муқобил энергия технологиялари ўқув услубий марказини очиш”, НамДУ ассистенти Ойдина Набиева “Қадимий Чустнинг миллий ҳунармандчилигини ривожлантириш ва туристик марказларни ташкил этиш”, “Келажак зиё” нодавлат таълим маркази раҳбари Санобар Абдураҳмонова “Ўқитувчиларнинг малакасини оширишнинг замонавий инновацион усуллари ва технологиялари”, НамДУ 2-босқич талабаси Шаҳло Баҳриддинова “Оддий ҳайдаш қурилмасини тадқиқ этишда полиэтилен материаллардан тайёрланган қурилма” лойиҳаларни слайдлар, кўргазмали жиҳозлар, тажриба учун яратган қурилмалари ёрдамида тақдимот қилишди.
Танлов иштирокчиларни лойиҳа тақдимотлари нуфузли ҳакамлар, экспертлар эътиборида бўлиб, савол-жавобларга ҳам кенг ўрин берилди.
- Ҳар бир номинация бўйича ғолиб топилиб, республикага йўлланма олганлар бир неча кундан кейин танлов ҳакамлари ва экспертлар томонидан маълум қилингач, тақдирлаш маросимини ўтказишни режалаштирганмиз, дейди уюшма раиси Азизахон Турғунбоева.- Республика босқичида қатнашиб ғолиб топилганлар эса тегишли сертификат, диплом ва лойиҳани амалга ошириш учун зарур миқдордаги маблағга эга бўлади. Бундан ташқари уларда хорижий давлатларга бориб тажриба ўрганиб келиш имкониятлари туғилади.
Шаҳзода АКБАРОВА

Биз Twitterда