Наманганлик фахрийларга эҳтиром. Саккиз нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари имтиёзли равишда ҳаж зиёратига боришади

Наманган вилоятидаги давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар  ҳамкорлигида вилоятнинг шаҳар ва туманларида истиқомат қилаётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари хонадонларига йўқлов тадбирлари уюштирилмоқда.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда “Инсон –азиз, хотираси – муқаддас!” деган миллий қадриятимиз тамойилига мувофиқ эзгу ишларнинг изчил давом эттирилишига хизмат қилмоқда.
18 апрель куни Ўзбекистон "Адолат" СДП Наманган шаҳар Кенгаши раиси Рустам Икрамов,"Наманган китоб олами" МЧЖ раҳбари Маъруфхон Мўминов,  Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний”  жамғармаси Наманган шаҳар бўлими раҳбари Анваржон Насриддиновлар Наманган шаҳрида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Қамбар ота Муратов, Маматтош ота Паттаев, Низомхон ота Саттаров, Шарифжон ота Нуриддиновлар хонадонларига ташриф буюриб, отахонларга байрамолди совғалар ҳамда “Моварауннаҳр” нашриётида чоп этилган "Ўзбекистон уламолари" энциклопедик китоби туҳфа этилди.
 
 
– Фронтга бориб қўлимга қурол олганимда эндигина ўн етти ёшни қаршилаган йигит эдим, – дейди 93 ёшли Низомхон ота Сатторов. – Ўшанда Сталинград остоналарида аёвсиз жанг кетар, фашистлар нима қилиб бўлса-да бутун дунёга эгалик қилиш, миллионлаб инсонларни қулга айлантириш ниятидан қайтмаган эдилар. Ҳар куни беомон жангларда қатнашарканмиз, жонажон Ўзбекистонимизни, уйда қолган яқинларимизни немис газандаларидан ҳимоя қилаётганимиз ҳақидаги ўй бизга куч-қувват берар эди. Ёдимда, Ғарбий Украинанинг Ровно шаҳрида кечган жангда бутун батальондан фақат тўрт кишигина тирик қолгандик ва шунинг ўзиёқ ғалабага эришиш бизга нақадар қийин бўлганини тасдиқлайди. Минг шукур, шундайин доруломон кунларга ҳам етиб келдик. Ҳар куни телевизорда ёки газета-журналларда юртимизда истиқлол боис бўлаётган улкан ўзгаришларни кўриб ҳам қувонаман, ҳам бу кунларга етиб келолмаган жанговар сафдошларимни эслаб қайғуга тушаман. Илоҳим тинчлигимизга асло кўз тегмасин, умуман ер юзида уруш бўлмасин! 
– Бугун вилоятда саксон нафардан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, уч ярим минг нафар фронт орти меҳнат фахрийси ва олтмиш нафарга яқин мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оилалари истиқомат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний”  жамғармаси  Наманган вилоят  бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов. – Президентимизнинг юқоридаги фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш борасида вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уларннинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Бу борада уларнинг эҳтиёжи ўрганиб чиқилиб, уч нафарига уй-жой, 26 нафарига уй-жойни жорий таъмирлаш, 3 нафарига музлатқич, 8 нафарига ногиронлик аравачаси, 12 нафарига эшитиш мосламаси, 2 нафарига ҳасса, 7 нафарига санаторияларга йўлланмалар зарурлиги аниқланган. Йўқловларда Ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига турар жой ажратиш ва уй жойларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда  зарурий тиббий реаблитация ва уй-рўзғор жиҳозлари билан таъминлаш мақсадида вилоятимизга “Нуроний” жамғармасининг республика Кенгаши томонидан уч юз миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари орасидан ҳаж зиёратига бориш истагида бўлган саккиз нафар нуроний рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш учун жамғарманинг республика бошқарувига юборилди.
Акрамжон САТТОРОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ

Биз Twitterда