Наманганлик тадбиркор 500 гектар ерга помидор экмоқда! Йиллик экспорт – 10 миллион доллар, 3000 дан зиёд янги иш ўрни!

Article
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш борасида қарорлар амалга ошиб ўз натижасини бера бошлади. Пахта майдонларини озайтириш натижасида мевачилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш жадал бормоқда. Энг қувонарлиси, эскпортга энди фақатгина хорижда етарли даражада талабга эга бўлган ўзбек мева-сабзавоти эмас, балки қайта ишланган тайёр маҳсулотлар жўнатиш авж олмоқда.
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида фаолият юритувчи фермер Муроджон Иброҳимов Ўзбекистонда аналоги кам бизнесга қўл урди: 500 гектар майдонда помидор етиштириб, маҳсулотни қайта ишлаган ҳолда томат пастаси ишлаб чиқариб, хорижга экспорт қилиш лойиҳасини амалга оширмоқда!
Қаҳрамонимиз ҳикоя қилади:
“Учқўрғонда сабзавотчилик кенг ривожланган. Маҳаллий аҳоли орасида кўпчилик помидор экиш билан шуғулланиб келади. Лекин кўп ҳолларда ҳосил увол бўлиб кетарди. Сабаби тўла қайта ишлашнинг имконияти йўқ эди. Томат ишлаб чиқарувчи кичик цехимиз бор эди, лекин биринчидан ишлаб чиқариш ҳажми кичкина эди, қолаверса ишлаб чиқарилган маҳсулот халқаро талабларга жавоб бермасди, яъни экспортбоп эмасди.
Ўзбекистонда сабзавот етиштириш имкониятлари кенглиги ва таннархининг бошқа давлатларга қараганда анча арзон тушишини ҳисобга олган ҳолда замонавий технологияларда томат ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қарор қилдик. Бу борада олиб борилган изланишлар бизни Хитой томон етаклади. Биргина Урумчининг ўзида 350 та томат ишлаб чиқарувчи завод борлигига гувоҳ бўлдик. Лекин, бир хусусият диққатимизни тортдики, бу заводларнинг 95% банкрот ёқасида экан. Ўз ишлаб чиқариши учун помидор етиштиришга ери бор заводларнинг ҳолати яхши. Лекин аҳолидан маҳсулот йиғиш ҳисобига ишлаб турган корхоналарда хом-ашё таъминоти билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши табиий ҳол экани равшан бўлди. Чунки аҳоли ўз ерига экаётган маҳсулот турини бозор талабидан келиб бирданига ўзгартириб юбориши мумкин экан...
Ўзбекистонга қайтгач, илк ишимиз 500 гектар ерда помидор етиштириш ва маҳсулотни ўзимизда қайта ишлаш бўйича таклиф тайёрлаш бўлди. Лойиҳамиз кенг маъқулланди, давлат дастурига киритилди. Бизга помидор етиштириш учун 500 гектар, кўчат тайёрлаш учун иссиқҳона қуришга 11 гектар, томат ишлаб чиқариш учун завод қуришга 7 гектар ер ажратиб берилди. Лойиҳамизнинг ютуғи шунда эдики, бу миқдорда бизга ер берилган тақдирда йилига 10 миллион АҚШ долларилик экспортни амалга оширишни кафолатлагандик.
2016 йил ноябрь ойида 2 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит олдик ва ишга бошладик. Бугун, 2017 йил февраль ойи охирига 11 гектар майдонда қатор иссиқхоналар қуриб битказилди, мустақил умумий иситиш тизимини қуриб битказдик. Ҳозирда иссиқҳоналар кўчат учун уруғ сепишга шай ҳолатга келтирилди.
Хитойдан технология сотиб олишдаги келишувимизга биноан, хитойлик ҳамкорларимиз томонидан келадиган вакиллар уруғ сепишдан то тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаргунга қадар бўлган жараёнда биз билан бирга бўлишади, бу бизнеснинг ўзига хос жиҳатларини ўргатишади.
500 гектар майдонда помидор экишнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун сув ва ўғитни тежаш мақсадида томчилаб суғориш тизимини жорий этяпмиз. Бу ишни маҳаллий фирмалардан бирига топширдик. 11 миллиард сўм эвазига 500 гектар ерга тўлалигича томчилаб суғориш ва ўғитлаш тизими ўрнатилади.
Маҳсулотни териб олиш учун Италиядан иккита помидор териш комбайни буюртма бердик. Режамиз – гектаридан 120 тоннадан помидор етиштириш.
Маҳсулотимизни қайта ишлаб томат пастаси чиқариш учун 7 гектар майдонда ишлаб чиқариш линияси – “Идеал томато” заводининг қурилиши бошланди ва июнь ойларига якунланади. Ишлаб чиқариш ҳажмимиз ўз маҳсулотимизга нисбатан кўпроқ, сабаби маҳаллий аҳоли билан буғдойни йиғиб олгандан кейин бўшаб қолган далаларга 600-700 гектар жойга помидор экиб бизга топшириш бўйича шартнома тузяпмиз. Кўчатни биз бепул етказиб берамиз, йиғилган ҳосилни 100% сотиб оламиз. Бу билан ҳар гектарга ўртача 4-5 киши ҳисоблаганда, 3000 дан зиёд мавсумий иш ўрни яратяпмиз. Ўз даламизда, ишлаб чиқаришда фаолият юритадиган 300 зиёд ишчини қўшганда, анча маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари пайдо бўлмоқда.
Маҳсулотимиз учун ҳозирданоқ талаблар етарли бўлмоқда. Ҳозирча маҳсулотимизни 200 литрлик бочкаларда етказиб бериш билан бошламоқчимиз. Келгуси йилларда ўз савдо маркамизни яратиб, дунё бозорига чиқаришни режалаштиряпмиз.”
Учқўрғон туманида Наманган вилоятида ўзига хос ўринга эга бўлган, ишлаб чиқариш юқори ривожланган туманлардан бири ҳисобланади. Бундай инновацион лойиҳалар туманда талайгина. “Идеал Томато” заводининг қурилиши туман саноат салоҳиятини янада кучайтириши шубҳасиз...
 
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда