Наманган фармацевтика бизнеси Ҳиндистон билан катта ҳамкорликни бошламоқда!

 
Жорий йил март ойининг сўнгги 10 кунлигида Наманган вилоятидан тиббиёт соҳаси, фармацевтик ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлар вакилларидан иборат делегация Ҳиндистоннинг MJ Group компанияси раҳбари Амол Шах таклифи билан Ҳиндистон давлатида бўлиб қайтди.
Делегация аъзолари беш кун давомида турли шаҳарларда бўлиб саноат, фармацевтика ва тиббий хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ҳинд бизнеси вакиллари билан бевосита учрашувлар ўтказдилар ва бир қатор меморандумлар имзоланди.
Хусусан, вакилларимиз Пуна шаҳрида инсулин ишлаб чиқарувчи MJ Biotech корхонаси, Таложа шаҳридаги MJ компаниясига қарашли MJ Biopharm фармацевтика корхонасига бориб, унинг фаолияти билан танишиб чиқишди. Наманган вилоятидаги Ифода агро кимё корхонаси ва MJ Biopharm компанияси ўртасида ўсимликларни турли касалликлардан ҳимоя воситалари – кимёвий дорилар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва келгусидаги ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
 
 
MJ компанияси ва Намангандаги Камол мед фарм корхонаси ўртасида эса 2017 йил якунига қадар инсулин ва айрим препаратларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан меморандум имзоланди.
Шунингдек йирик инвестицион фонд – Kothari Investments ҳамда ўсимликларни турли касалликлардан ҳимоя воситалари – кимёвий дорилар ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг энг етакчи еттилигига кирган Biostadt Group томонидан ҳам Ўзбекистонга инвестиция киритиш истаги борлиги билдирилди.
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солихон Мўминовнинг Ҳиндистоннинг энг кучли тиббиёт олий ўқув юртларидан бири – Chennai Medical College раҳбарияти билан бўлган музокараларида олийгоҳ малакали мутахассисларининг Ўзбекистонда турли мураккаб операцияларда иштирок этиши ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг бу олийгоҳ базасида малака ошириши ва сертификат берилиши борасида келишувга эришилди ҳамда ҳамкорлик меморандумига имзо чекилди. Ўзбекистондан тажриба алмашиш ва малака ошириш учун келган мутахассислар Ченнай клиникаси ҳисобидан бепул ўқитилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташкари Ҳиндистондаги энг илғор кўп тармоқли тиббиёт муассасалари тармоқлари бўлган Jaypee Group ва Fortis Healthcare вакиллари билан мулоқот ўтказилиб, тиббиёт соҳасида келгусида ҳамкорлик масалаларида фикр алмашилди ҳамда дастлабки келишувларга эришилди. Бунга кўра Наманган вилоятининг Чуст туманида жойлашган спорт ва соғломлаштириш тиббий ташхис марказига замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва сарфлов воситаларини олиб келиш назарда тутилган.
Таъкидлаш керак шу йил январь ойи охирларида Ҳиндистоннинг MJ Group компанияси раҳбари Амол Шах Наманган вилоятига ташриф буюриб вилоят ҳокими билан учрашган ва вилоятда инсулин ҳамда доривор субстансиялар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун инвестиция киритиш истагини билдирган эди.
Темурмалик ВОҲИДОВ

Биз Twitterда