Наманганда XXI аср аёли ким?

 
Чуст туманидаги 15-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан “Донолик ва ташаббускорлик – сиёсий етакчилик мезони” лойиҳаси доирасидаги “XXI аср аёли” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Унда вилоят, шаҳар ва туман партия ташкилотлари масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” фаоллари, танловнинг қуйи ҳудудий босқичлари ғолиблари, давлат, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
“Оила” республика илмий-амалий маркази вилоят бўлими бошлиғи Муҳаббат Абдуллаева, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган ҳудудий бўлинмаси раҳбари Зафаржон Худойбердиев, ЎзМТДП вилоят кенгаши раисининг хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Соҳибахон Аъзамовалар сўзга чиқиб, ушбу танлов хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда сиёсий онги ва маданиятини янада оширишда муҳим ўрин тутаётганини таъкидладилар.
Танлов қатнашчилари “Партия менинг тақдиримда”, “Агар мен депутат бўлсам” ва “Ижтимоий лойиҳалар” шартлари бўйича сиёсий-ҳуқуқий билимлари, ижодий қобилият ва истеъдодлари, ўз интеллектуал салоҳиятларини синовдан ўтказдилар.
Хусусан, дастлабки шартида ўз ҳудудида партия Устави асосида бошланғич партия ташкилотини тузиб, унда партия сафига янги аъзоларни жалб эта олганлиги, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан биргаликда фуқаролар мурожаати юзасидан амалга оширилган ишлари ҳамда партиянинг дастурий мақсад-вазифаларини тарғиб қилишга йўналтирилган лойиҳаларидаги иштироки намоён этилди.
Ўзига хос жиҳатга эга бўлган иккинчи шартда қатнашчилар партия дастурий мақсад-вазифаларини амалга ошириш орқали сайловчиларнинг энг кўп овозини олиш ва вакиллик ҳокимияти органларида энг кўп ўринларни эгаллаш, шунингдек, фуқаролар мурожаати, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳлари ваколатларидан кенг ва самарали фойдаланиш юзасидан тайёрлаган тақдимотларини ҳавола қилдилар.
Якунловчи шартда эса хотин-қизларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий, иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган “Инсон манфаатлари – улуғ қадрият”, “Ҳуқуқий саводхонлик – давр талаби”, “Халқ амалий санъати – ёшлар қалбида”, “Касбим – фахрим” каби мавзуларидаги бир-биридан эътиборли лойиҳалар тақдим этилди.
Қизғин баҳсларга бой, кўтаринки руҳда ўтган танловда нуфузли экспертлардан иборат ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Чуст туманидаги Олмос иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ахборот-ресурс маркази раҳбари Барно Йўлдошева ғолиб деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланмани қўлга киритди. Фахрли иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Наманган туманидаги 8-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Муниса Абдуллаева ҳамда Уйчи туманидаги 24-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Моҳигул Раҳимова эгаллашди.
Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда