Наманганда "Тоза ҳаво" ойлиги: 18 кунда 152 та автомашинада техник носозлик аниқланди

 
Жорий йилнинг 10 августидан Наманган вилоятида “Тоза ҳаво” ойлигининг иккинчи босқичи ўтказилмоқда, деб хабар беради Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими.
 Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилаётган тадбирда асосий эътибор кўчма ифлослантирувчи манбалар устидан давлат назоратини амалга оширишга, автотранспорт воситаларининг атроф табиий муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган. Шунингдек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалаларига кенг жамоатчилик диққатини жалб қилиш, фуқаролар ва корхоналарнинг табиатни муҳофаза қилиш қонунлари талабларига риоя қилишидан иборатдир. –
10 августдан 10 сентябрга қадар ўтказилаётган тадбирнинг иккинчи босқичда Наманган шаҳар ва барча туманлар марказларидаги серқатнов кўчаларда назорат постлари ташкил этилди, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассиси Бунёдбек Аҳмадалиев. – Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари инспекторлари билан ташкил этилган “Тоза ҳаво кўчма постлари” да ҳамкорликда фаолият олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, ойликнинг иккинчи босқичида жами 6500 дона транспорт воситаларини ис гази ва тутун миқдорини ўлчовдан ўтказиш режалаштирилган. Жорий йилнинг 28 августига қадар 4173 та транспорт воситаси кўрикдан ўтказилиб, аниқланган 152 та автомашинанинг техник носозлиги жойида созлатилди.
Ўйлаймизки, транспорт воситасига эга бўлган вилоятимиздаги барча хайдовчилар мунтазам равишда ўзи бошқараётган транспорт воситасини соз ҳолда бўлишини ҳамда экологик талабларга жавоб беришини таъминлайдилар, транспорт воситаларидан чиқаётган ташламаларни рухсат этилган меъёрдан ортишига йўл қўймайдилар.
 “Тоза ҳаво” ойлиги давом этмоқда.

Биз Twitterда