Наманганда Саломатлик Тарғиботи Кунлари

 
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишлаб ўтказилаётган «Саломатликни тарғиб қилиш кунлари” давом этмоқда.
Мазкур тиббий тадбирга Наманганнинг барча шаҳар ва туманларида пухта тараддуд билан киришилди. Эрталаб Наманган шаҳри, туманлар марказларидаги маданият ва истироҳат боғларида, дам олиш масканларида “Саломатликни тарғиб қилиш кунлари” доирасидаги жараёнлар аҳолининг фаол иштирокида бошланди.
Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истроҳат боғида тиббий тарғибот тадбирининг очилиш маросими ўтказилди. Уни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов олиб борди.
 
 
Очилишдан кейин сўлим маскан тиббий жараёнлар қуршовида қолди. Минг-минглаб одамлар шифокорлар ҳузурига, саломатлиги ҳолатини билиб олишга ошиқди.
Мамлакатимизнинг таниқли шифокор олимлари ва вилоятимизнинг малакали мутахассислари энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуна ва қурилмалари воситасида юртдошларимизни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишяпти. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази урологи Абдулла Асадуллаев раҳбарлигидаги пойтахтлик шифокорлар қабули ғоят самарали кечмоқда.
Биргина вилоят марказида бораётган тиббий тадбирга вилоят ихтисослашган даволаш-профилактика муассасаларининг, шаҳардаги оилавий поликлиникаларнинг салкам 700 нафар тиббиёт ходими жалб этилган. 200 нафар врачлар ва 441 нафар ҳамширалар сидқидилдан иш олиб боришяти. 13 та УТТ ва 21 та ЭКГ воситасида, лаборатория текширувлари орқали одамлар саломатлиги жиддий таҳлил этилмоқда.
 
 
Тарғибот тадбирлари вилоят сил касалликларига қарши кураш диспансери, вилоят эндокринология диспансери, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва бошқа даволаш-профилактика муассасалари вакиллари томонидан изчил ташкил этилмоқда. Шу билан бирга турли юқумли касалликларни аниқлаш мақсадида тиббий текширувлар олиб бориляпти.
Абдулла ҒОЗИЕВ

Биз Twitterда