Наманганда "Миллий тикланиш" вилоят кенгаши пленуми бўлиб ўтди

 
Наманган Давлат университети мажлислар залида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгашининг ўнинчи пленуми бўлиб ўтди. 
Пленумда маҳаллий кенгашларга партиямиздан сайланган депутатлар фаолияти ва ташаббускорлигини ошириш, партия ташкилотлари ва гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари зиммасига ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, дастурий мақсадлар, электорат манфаатларини маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида муносиб ифодалаш ва ҳимоя қилиш борасида катта маъсулият юкланган. Бунда партия гуруҳлари ташаббуси билан маҳаллий Кенгашларда давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ҳисоботи ва ахборотини доимий эшитиб бориш, раҳбарлар, ҳокимларнинг ўз лавозимига лойиқ-нолойиқлиги юзасидан асослантирилган маълумот ва таклифлар киритиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу йилнинг ўтган даврида партиянинг халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги гуруҳлари томонидан давлат бошқаруви органлари раҳбарларига 240 депутатлик сўрови юборилган. Партия гуруҳи аъзолари ташаббуси билан халқ депутатлари Кенгашлари йиғилишларида 8 марта мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилди. 8 масала маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига киритилди. Лекин қабул қилинган қарорлар ижроси қатъий назоратга олиниши лозимлиги таъкидланди.
Пленумда шунингдек, партия “Ёшлар қаноти” фаоллари чет элга чиқиб кетган, диний оқимларга адашиб кириб қолган шахслар ва уюшмаган ёшлар билан мулоқотни йўлга қўймагани, туман-шаҳар партия ташкилотларида ушбу қанот фаолияти қониқарсиз эканлиги айтиб ўтилди.
Очиқ ва ошкора кечган Пленумда ЎзМТДП Тўрақўрғон ва Наманган туманлари кенгаши раислари Абдурасул Эргашев, Хасанбой Холиқов, халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Жамолхон Қаҳҳоров, Чуст тумани кенгаши депутати Рўзимат Жўраев ҳудудларда сайёр қабулларни уюшқоқлик билан ташкил этиш, партия фаолиятини ривожлантириш ва депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, етакчиларнинг сиёсий билим ва малакасини ошириш, иш фаолиятини янгича талаб ва ёндашувлар асосида олиб бориши зарурлигини билдирдилар.
Пленум якунида устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгашининг чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда