Наманганда лицей қоровули ўқишга киритишни ваъда бериб, фуқароларни чув туширди

 
Бугунги кундаги бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-тарож қилиш тариқасидаги жиноятлар ўсиши тенденцияси кузатилмоқда.
Аввало фирибгарлик жиноятига таъриф бериф ўтсак. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси фирибгарлик - алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.
Ўзганинг мол-мулкини алдов йўли билан қўлга киритишни ният қилган Наманган давлат университети қошидаги академик лицейда қоровул бўлиб ишловчи Жавоҳир исмли шахс (исмлари ўзгартирилган) ушбу ўқув даргоҳига имтиҳон топшириб кира олмаган бир неча фуқароларни ўз домига туширишни режалаштиради.
У 2018 йил август-сентябрь ойларида алдов йўли билан фуқаролар Наргиза ва Раҳимжонларнинг ишончига кириб, уларга ўғли Бахтиёрни Наманган давлат университети қошидаги академик лицейнинг ҳарбий йўналишига ушбу лицейда гуруҳ рахбари бўлиб ишловчи ўқитувчи орқали жойлаб қўйишини айтиб, уларни пора беришга далолат қилиб, улардан 600 АҚШ доллари ва 1 миллион 100 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Шунингдек, у жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, ўзгалар мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2018 йил август ойида Абдулло исмли шахс билан Наманган давлат университети қошидаги академик лицей ҳовлисида танишиб, унга ушбу лицейга танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишини айтиб, пора беришга далолат қилиб, уни 2018 йил декабрь ойига қадар лицейнинг турли гуруҳларига дарсларга киритиб, алдов йўли билан ишончига кириб, август-сентябрь ойларида ундан жами 750000 сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сонли ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси томонидан олиб борилган суриштирув натижасида Жавоҳир исмли шахсга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди, 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.
Н.Д. Умарханова
Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ
2-сонли ИИБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси,
капитан

Биз Twitterда