Наманганда хусусий тиббиёт сектори ривожланмоқда

 
Наманган шаҳридаги “Лола” даҳасида “Беҳруз Одил савдо” масъулияти чекланган жамияти томонидан янги барпо этилган “Доктор-А” хусусий клиникаси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тақдимот маросимида шаҳримиз аҳли ва меҳмонлари, меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тиббиёт муассасалари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирда Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқиб, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, мазкур жараёнда рақобат муҳитини ошириш мақсадида хусусий шифохоналар ташкил этиш ва уларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
2 миллиард 200 миллион сўм сарфланган тўрт қаватли, замонавий ва муҳташам шифо маскани 52 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда хирургия ва физиотерапия йўналишлари бўйича амбулатор ва стационар тиббий хизмат кўрсатилади, замонавий диагностика маркази ҳамда лаборатория мавжуд. Келгусида мураккаб текширувлар, жарроҳлик операцияларини ўтказиш режалаштирилди. Бу ерда даволаш имкони бўлмаган беморларни Ҳиндистонда муолажа қилиш ҳам йўлга қуйилади.
Клиникага ҳинд инвесторлари билан ҳамкорликдаги шартнома асосида 1 миллион 363 минг доллар имтиёзли кредит маблағи эвазига диагностика аппаратлари, 294 минг 600 долларлик лаборатория жиҳозлари олиб келиб ўрнатилди. Янги тиббий муассасанинг ишга тушиши натижасида 51 киши иш билан таъминланди. Қувонарлиси, уларнинг аксарияти коллежларни тугатган ёшлардир.
 
 
Клиниканинг илк иш кунларида аҳолига бепул тиббий-диагностика хизматлари кўрсатилди. Ҳиндистондан таклиф этилган профессор-шифокорлар Аҳмед Мунир ва Шуайб Заидининг қабулига келган беморлар зарур тиббий тавсиялар олишди. 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишлаб ташкил этилган акцияда туманларда истиқомат қилувчи кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалардан 15 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Қолаверса, келгусида ҳам имконияти чекланган, уруш фахрийлари, эҳтиёжманд оилалар учун ҳам мана шундай имтиёзлар белгиланган.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
муаллиф олган суратлар.

Биз Twitterда