Наманганда Хитой автомобиллари ишлаб чиқариш бошланмоқда!

 

Намангандаги “Foton do’stlik servis” МЧЖ, Хитойнинг Foton Motor ширкати билан ҳамкорликда Наманган вилоятининг Поп шаҳрида “FOTON” русумли ўрта ҳажмли Хитой юк автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини бошлади!

 

- Умумий лойиҳа қиймати 25 миллион АҚШ доллари бўлган бу заводни жойлаштириш учун 15 гектар майдон ва бўш турган эски завод биноси ноль қийматда тақдим этилди, - дейди Vodiymedia.uz мухбири билан суҳбатда “Foton do’stlik servis” МЧЖ раҳбари Воҳиджон Ҳомидов. –Ўзбекистон Республикасининг сармояси 51%, Хитойлик ҳамкорларнинг ҳиссаси эса 49 % га тенг бўлган бу завод, йиллик 15 минг дона Foton Forland ўрта ҳажмли юк автомобиллари ишлаб чиқаради. Мустақиллик арафасида илк маҳсулотни конвейердан чиқариш режалаштирилган.

Бугунгача Хитойнинг Foton Motor ширкатининг Ўзбекистондаги дистрибьютори сифатида фаолият юритган “Foton do’stlik servis” МЧЖ, бу янги заводда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган 4 та русумдаги автомобилларнинг тўла ишлаб чиқариш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу эса, ўз навбатида чиқадиган маҳсулотга хорижда бўлган талабдан келиб чиқиб, биринчи кундан 50% гача экспортни таъминлайди.

Янги заводда дастлаб 100% хорижий бутловчи қисмлардан фойдаланиш кўзда тутилган бўлса, кейинчалик қисмларни муттасил равишда максимум даражада маҳаллишлаштириш режалаштирилмоқда.

“Foton do’stlik servis” заводининг тўла ишга тушиши билан, 300 та маҳаллий ёшлар иш билан таъминланади. Ҳозирдаёқ 50 дан ошиқ ходим ишга бошлаб улгурди. Ишлаб чиқариш жараёнини тўла ўзлаштириб олгунларига қадар, маҳаллий ходимларга Хитойдан келадиган 10 нафар маълакали уста касб сирларини ўргатади.

Поп туманидаги эски "Узрубероид" заводи ўрнида барао этилаётган бу йирик ишлаб чиқариш корхонаси, замонавий технологиялар жорий этилган ҳамда ходимлар учун қулай меҳнат шароитлари яратилган намунавий корхоналардан бирига айланиши шубҳасиз. 

 


Биз Twitterда