Наманганда Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакиллари иштирокида тренинглар ўтказилмоқда

 
 
Ўзбекистонда сўнгги йилларда Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликда меҳнат масалаларида амалдаги қонунчилик талабларини амалиётга тўла тадбиқ этилишини таъминлаш, Ўзбекистон тарафидан ратификация қилинган ХМТ Конвенциялари талабларидан келиб чиққан ҳолда меҳнат муносабатларини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
2013 йилдан бери ХМТ вакиллари Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсумини мониторинг қилиш билан биргаликда, аҳоли ҳамда турли муассасалар раҳбарлари ўртасида меҳнат қонунчилиги талабларини кенг тарғиб этиш бўйича ҳам кўмак бериб келишмоқда.
Бундай ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи сифатида, ХМТ экспертларининг Республикамиз вилоятлари бўйлаб ташкил этаётган семинар-тренингларини ҳам келтириб ўтиш мумкин.
“2017 йилги пахта терими мавсумига теримчиларни жалб этиш жараёнини оптималлаштириш” мавзусидаги тренинглар Наманган вилоятида ҳам бўлиб ўтмоқда.
7 августдан бошлаб ҳар куни вилоятнинг бир туманида ХМТ эксперти, мадагаскарлик Мами Лалаина Разафиндракото томонидан ўтказилаётган бундай семинар-тренингларда туманларнинг турли ташкилот-муассасалари раҳбарлари, давлат бошқарув органлари вакиллари, фермерлар иштирок этишмоқда. Тадбирлар давомида пахта йиғим-терими жараёнида болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, теримчилар учун меҳнат шароитларини яхшилаш масалалари қизғин муҳокама қилинмоқда.

Биз Twitterда