Наманганда Болалар футбол фестивали

 
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда "Келажагимиз умидлари" шиори остида болалар футбол фестивали ўтказилди.
Тўрт кун давом этган мазкур фестивалда вилоятдаги шаҳар ва туманларидаги умумтаълим мактабларининг 1 синфдан 4 синфгача бўлган 400 нафар жажжи ўқувчилари иштирок этдилар. Лойиҳани амалга оширишдан кўзда тутилган асосий мақсад эса болажонларни миллионлар ўйини – футболга қизиқтириш ва меҳр уйғотишдан иборат.
Фестивалда 6-10 ёшли болалардан тўпланган жамоалар иштирокида даставвал махсус машқларни бажарилди. Эътироф этиш жоиз, ўзига хос тарзда кечган биринчи машқлар кичкинтойларда олам-олам таассурот уйғотди. Шундан сўнг, фестивал қатнашчилари ўзаро ўйинларда майдонга тушдилар. Натижа муҳим ўрин тутмайдиган бундай учрашувлар бўлғуси футбол юлдузларига завқу шавқ улашди.
- Миллий футболимизни ривожлантириш, болалар футболидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда бу каби тадбирлар катта аҳамиятга эга, - дейди Наманган Олимпия захиралари коллежи мураббийи, “Навбаҳор” жамоасининг собиқ футболчиси Шерзод Жўраев. – Айни пайтда коллежда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедовнинг ташаббуси билан ташкил этилган “Одил юниор” номли ўқув синфида 16 нафар болага футбол сир-асрорларини ўргатиб келмоқдамиз. Фестивалда кўзида умид чақнаб турган, жайдари айтганда “бўладиган болалар”ни пайқадик. Албатта, келгусида мана шундай иқтидор соҳибларини сафимизга жалб этамиз. Келгусида улар орасидан Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Анвар Солиев, Хайрулло Каримов, Сервер Жепаров, Максим Шацких, Одил Аҳмедов, Шуҳрат Мирхолдоршоев каби футболчилар етишиб чиқишига ишончимиз комил.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан сертификат ва махсус совғалар билан тақдирланди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ

Биз Twitterда