Наманганда Ислом Каримов номи қайси кўчага берилади?

Article
2017 йил 25 январь куни Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги Қарор жамоатчилик томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Исми қалбларга мангу муҳрланган раҳматли Юртбошимизнинг сўнмас хотирасини абадийлаштириш бўйича олинган қарорлар турли қатлам вакилларининг бирдек истакларига мос бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев имзолаган бу буюк қарор кенг доирада ўрганилишга бошланди. Қарорда алоҳида банд билан “Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таклифлари асосида) Ислом Каримов номини бериш” деб белгилаб қўйилгани келгуси авлодлар, фарзандларимиз учун узоқ йиллардан кейин ҳам Биринчи Президентимиз номи доимий жаранглаб туришини билдиради.
Наманган вилояти маркази – Наманган шаҳрида ҳам марказий кўчалардан бири пок ниятли Наманган аҳлига доимо чуқур ҳурмат билан қараб келган Ислом Каримов номи билан аталиши маълум бўлгач, зиёли қатлам вакиллари томонидан аниқ таклиф ўртага ташланди ва маҳаллий ҳокимият томонидан бу таклифни ўрганиб чиқилиши исталмоқда.
Шаҳарнинг асосий, энг марказий кўчаларидан бири Ҳамроҳ кўчаси деб аталади. Аввалда Охунбобоев номли кўча деб юритиларди. Бу кўчага берилган янги ном аҳоли ўртасида кенг ёйилмади. Ҳамроҳ кўчаси Наманганни иккига бўлувчи йирик кўча бўлиб, Амир Темур кўчаси билан туташиб кетган. Айнан шу кўчани Ислом Каримов кўчаси деб аталса, наманганликлар кўнглидаги иш бўларди. Қолаверса, Ислом Каримов кўчасининг Амир Темур кўчасига уланиши ўзига хос бир маъно касб этиб, ўзбек давлатчилигидаги икки буюк сиймонинг хотираси мисли бирлашарди.
Маҳаллий ҳокимият вакиллари бу борадаги таклифларини тайёрлашда бу фикрни ҳам ўрганиб чиқишлари мақсадга мувофиқ бўларди.

Биз Twitterда