Наманганда давлат-тадбиркорлар мулоқоти: "Made in Uzbekistan" дунёни қачон забт этади?

Article
Наманган вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун етарли шарт-шароитлар ва ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ресурслар мавжуд. Шу билан бирга вилоятда кичик ишлаб чиқариш тадбиркорлигини ривожланишининг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бўлиб турибди. Айни пайтда вилоят тадбиркорларининг сайъ-ҳаракатлари ва уларга ҳукумат томонидан берилаётган имтиёзлар натижасида Ўзбекистон ва МДҲ бозорида “Истиқлол”, “Дамбоғ”, “Момиқ сочиқ” каби кучли брендлар пайдо бўлди. Ушбу корхоналар республика экспорт салоҳиятига муносиб улушларини қўшиб келишмоқда.
Жума куни, Наманганда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари масъул ходимлари, прокуратура, ички ишлар, банк, молия, солиқ, божхона идоралари раҳбарларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Бахтиёр Парпиев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Абдусалом Азизов каби йирик ҳукумат амалдорлари иштирок этиб, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлашди.
Бугунги кунда вилоятда 16 минг 500 дан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ва экспортдаги улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Экспорт йўналишида уларнинг ҳиссаси 69 фоизни ташкил этиб, ўтган йилда 150 миллион долларлик маҳсулот ташқи бозорга чиқарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва мазкур ҳужжат ижросини таъминлашдаги муҳим вазифалар, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан фикр алмашилди.
Фаолиятида муаммоларга учраётган тадбиркорларга ва янги иш бошлаш ниятидаги фуқароларга амалий ёрдам бериш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
 

Биз Twitterда