Наманганда "Дамас"лар камайиши кимларга малол келди?

Article

Ривож ва юксалишга ҳар биримиз масъулмиз!

Яқинда таҳририятга Учқўрғон ва Уйчидан Наманган шаҳрига қатнаб ишлайдиган бир гуруҳ ҳамюртларимиздан «Ёзма мурожаатнома» келди. Мактубга НамДУда, шаҳардаги қатор муассасаларда ишловчи, ўқувчи жами 20 нафар киши имзо чеккан. Улар кўтарган масала ниҳоятда нозик ва долзарб эканидан келиб чиқиб, таҳририятнинг муносабатини билдирмоқчимиз.

Мурожаат муаллифлари нимани ҳоҳлашади! Гап шундаки, кейинги пайтда Наманган шаҳрида жамоат транспорти қатнови талабга умуман жавоб бермай қўйди. «Дамас»чилар дастидан шаҳар кўчаларида қатнов чидаб бўлмас даражада издан чиқди. Ўзи хон, кўланкаси майдон «Дамас» соҳиблари бегона машина тугул пиёдани ҳам назар-писанд қилмай йўлларимизни тўла ўзлариники қилиб олишган, ҳатто битта-яримта юриб турган автобусларни-да маршрутдан «сиқиб» чиқара бошлаган эдилар.

Вилоят ҳокимлиги ўтган йили мавжуд ҳолатни ўнглаш бўйича аниқ ва кескин чора-тадбирлар белгилади. Дастлаб шаҳарда жамоат транспортини йўлга қўйиш учун янги автобуслар келтирилди. Тегишли мутасадди ташкилотлар орқали шаҳарда лицензиясиз қочиб-бузиб фаолият юритаётган «Дамас» ва бошқа транспортларнинг рейдлар қилиниб, таноби тортила бошланди. Айни вақтда туманлардан вилоят марказига қатнайдиган транспорт воситалари шаҳарга киравериш жойларда, жумладан Учқўрғон ва Уйчи йўналишини Тахтакўприк мавзесида тўхтатишга қарор қилинди.

Худди шу кейинги чора баъзиларга малол келди. Жумладан, бизнинг аризачиларга ҳам. Улар эътирозларини «Тахтакўприкда транспортга алмашиниш ортиқча харажат қилишга тўғри келаётгани» билан изоҳлайдилар. Яъни агар Тахтакўприкда автобус бўлса, Чорсуга 1000 сўм, «Дамас»га кунлари қолса 2000 сўм қўшимча тўлов қилишга мажбур эканликларини билдирадилар. Илтимос қилинадики, таҳририят бу борада тегишли ташкилотларга улар арзини етказиб, илгаригидай туманлардан тўғри Чорсугача келишга имкон яратилса.

Аввало, ушбу мурожаатнома муаллифларига юксак ишонч билан бизнинг «Наманган ҳақиқати»га мурожаат қилганлари учун раҳмат айтамиз. Зеро биз журналистлар ҳам юртимиздаги ҳар қандай хайрли ишни, тараққиётимиз учун бошланган саъй-ҳаракатни бажонидил қўллаб-қувватлаймиз, адолатни холис туриб ҳимоялаймиз.

Энди мурожаатномага келсак, уларни бажонидил тушуниб турибмиз. Ойлик маошга қараб турган хизматчи, стипендияга кун кўрадиган талабага ҳар ойда фалон пулни ортиқча сарфлаш малол келиши мумкин. Бироқ, бу гал шу муаммо устида сиз ҳам биз ҳам обдон бир бош қотирсакчи?!

Бугун Наманган шаҳрида 600 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Уларга биз туманлардан келиб ишлайдиган, ўқийдиган (25-30 минг киши бордир)лар қўшилса-чи. Боз устига ҳафта давомида «Кетдик, Ҳизр назар қилган юрт – Наманганни бир айланиб келамиз» деган, бозор-ўчарга, кам-кўстни бутлагани, вилоят ташкилотларига иш билан келиб кетадиганлар ҳам 50 минг кишига бориб қолар. Қизиғи шундаки, келиб-кетувчиларнинг ҳеч бўлмаса 30 фоизи шаҳарга шахсий транспортида ташриф буюради. Ана энди ўйлаб кўрайликчи, бу даражадаги қатновни қандай тартибга солиш мумкин? Шу даражадаги транспорт оқимини ҳозирда шаҳар йўллари сиғдира оладими?

Шукр, мамлакатимизда тўкинчилик, тўй-томошалардан бошимиз чиқмаяпти. Олди хонадонда 2-3 тадан транспорт бор. Булар ҳаммаси, Сизлар ҳам мурожаатномангизда эътироф этибсиз, мустақиллик шарофатидан. Лекин, унутмайликки, мустақиллик ҳар биримизга катта масъулият ҳам юклайди. Масалан, бугун Наманган шаҳри кўчаларига машиналарни сиғдира олмаяпмизми, демак чора қидиришимиз керак. Йўлларни тартибга солиш, жамоат транспортини қатъий жадвал асосида ишлатиш, ноинсоф, фақат бугунини, фақат ўзини ўйлайдиган «дамас»чининг танобини тортиш, кўчалардаги диққинафасликни, тирбандликларни бартараф этиш, таъбир жоиз бўлса ҳар биримизнинг вазифамиз, бурчимиз, эмасми, ахир?! Яна бир ҳақиқат шуки, муаммони биров ташқаридан келиб, ҳеч қачон ҳал қилиб бермаслиги ҳам бор гап.

Ушбу сатрлар муаллифи, вилоятнинг бир фаоли сифатида жумладан, Бобур шоҳкўчаси реконструкциясида иштирок этганлардан. Дастлабки даврда ташкилотларга шу қадар қийин бўлдики, таърифга қалам ожиз. Шундай бўлсада айтилди-дейилди, тушунтирилди, йўл бўйидаги қинғир-қийшиқ уйларни буздириш, ўрнига коттежлар бунёд этиш, бай-бай тавсифи бир олам. Мана бугун ҳамма ҳавас қиладиган шоҳкўчага айланди. Ўшанда айрим тихирлик қилганлар бугун ташкилотчиларга қуллуқ қилишмоқда.

Худди шунингдек, ҳозирги кунларда шаҳарнинг Уйчи кўчасида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бошланди. Иймонимиз комил, тез орада бу ҳудуд ҳам шаҳримизнинг манаман деган гўзал ва тартибли шоҳ кўчасига айланади, меҳмонларнинг ҳавасини келтириб, бизларнинг ғуруримизни кўтаради.

Умуман олганда цивилизация атамаси истеъмолга киргандан бошлаб ҳар қандай шаҳар кенгайиш, ободонлашиш, янгиланиш, қайта қуриш сингари яхши маънодаги «қисмат»ларни «бош»идан минг марталаб кечирган. Пойтахтимиз Тошкент шаҳри, бошқасини қўйиб турайлик, кейинги 25 йилда ҳам энига, ҳам бўйига кенгайди, обод бўлиб бормоқда. Бир ой нари-берисида йўли тушганки инсон ҳайрат билан камолига камол қўшилаётган пойтахтдан сўзлайди.

Руслар «Москва бирданига қурилган эмас» деб қўшиқ айтишади. Ҳозир ҳам у жойда қурилиш, ободонлаштириш давом этмоқда. Асосий муаммо йўл чиқариш, жамоат транспортига шароит яратишдан иборат. Қадим Европа шаҳарларида ҳам ҳали-ҳануз шу муаммо устида бош қотирилмоқда.

Шу ўринда яна бир давлат, аниқроғи давлатча Сингапур ҳақида маълумот берсак. Шарқий Осиёдаги мазкур мамлакат ҳудуди 682,7 км.кв. майдонда жойлашган. Бизнинг вилоят (7900 км.кв)дан ўн бир баравар кичик. Сингапур энига 42 бўйига 23 км холос. Аҳолиси салкам 6 миллион киши, 1 кв.км.да 4884 киши яшайди. (Бизда 1 км.кв.да 289 киши). Ўтган асрнинг 60-йилларигача дунёдаги энг камбағал давлат ҳисобланган Сингапур шаҳарда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида дунёнинг манаман деган давлатига айланди. Пастқам, ҳар ким ўз ҳолича қурган кулбалар бузиб ташланиб, шаҳар бошқатдан бунёд этилган. Ҳозир Сингапур дунёдаги энг зўр, энг ёруғ, энг покиза шаҳарлар сирасига киради. Шаҳарда чекилмайди, сақич чайналмайди. Сақични фақат доктор рецепти билан дорихонадан олиш мумкин экан. Энг замонавий технологиялар савдоси, бизнес гуллаб-яшнаган юрт.

Вилоятимиз Сингапурдан ўн баравар катта, имкониятлари юз баравар ортиқлигидан келиб чиқадиган бўлсак, ислоҳий ўзгаришларга диққатимизни кучайтирмоғимиз зарурки, бугунги уринишларимиз эртанги равнақимиз, фарзандларимиз бахт-саодатига кафолат бўлади.

Яна Наманган шаҳрига қайтсак. Аниқ бўлмаган ҳисоб-китобларга кўра, бугун вилоятда 30 мингта «Дамас» бор. Минглаб бошқа машиналарни ҳам қўшиб ҳисобласак ва мавжуд воситаларнинг бир кунда ҳеч бўлмаса 10 фоизи вилоят марказига келиб-кетишини кўз олдига келтира олган ҳар қандай инсон муаммо нақадар ўткир эканини ҳис қилади. Боз устига тараққиёт қизғин, жараёнлар тезкор бўлиб боряпти. Республика ҳукумати кўмагида вилоят ҳокимлиги саъй-ҳаракати билан шаҳарда ижтимоий объектлар сони кўпайиб, йирик-йирик корхоналар ташкил этиш устида ишланмоқда. 2030 йилга бориб-бормай шаҳримиз аҳолиси миллион рақамини босиб ўтадики, йўллар, инфратузилма жойлашуви, қатновлар қулайлиги борасида шу бугундан қизғин ишланмаса илож йўқ. Кўз олдимизга келтирайликки, 10-15 йил чамасида Наманган ўзига хос мегаполис мақомига етиши аниқ.

Кўриб турганимиздек, шаҳримиз келажаги йўлида бошланаётган хайрли ишларни ҳар биримиз қўллаб-қувватлашимиз, имкон бўлса ҳар биримиз бундай жараёнларда фаол бўлишимиз жойиз. Бинобарин бугун минг сўм ортиқча харажатни ҳисоб-китобига борсак, эртанги нурафшон келажакни, фарзандларимиз саодатини назардан қочирган бўламиз.

Маҳмуджон ПАРПИЕВ, бош муҳаррир.

“Наманган ҳақиқати”нинг 2017 йил 7 январь сони.


Биз Twitterда