Наманганда   3 нафар депутатнинг  ваколати муддатидан аввал тугатилди

Жорий йилнинг 5 апрель куни  халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма биринчи сессияси   бўлиб ўтди.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари, вилоят ташкилотлари, соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Хатамжон Кетмонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ишчи гуруҳи раҳбари Нодиржон Мухторов иштирок этдилар.
Депутатлар сессия кун тартиби ва иш регламентини тасдиқлашгач сессия кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқдилар.
Кун тартибидаги биринчи масала – халқ депутатлари вилоят  Кенгашининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали тадбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, бу соҳада назоратни самарали амалга ошириш бўйича комиссиянинг қиш-лоқ врачлик пунктларини мақбуллаштириш бўйича олиб борган ишлари якуни кўриб чиқилди. Бу ҳақда мазкур комиссия аъзоси, Наманган муҳандислик-технология институти ректори Одилжон Маматкаримов ахборот берди.
Сессияда навбатдаги масала – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг 2017 йил 24 февралдаги 705-III сонли «Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, шунингдек, ушбу соҳада қонунчиликни амалиётга самарали тадбиқ этишга кўмаклашиш ҳамда парламент ва депутатлар назоратини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2017 йил биринчи чораги давомида амалга оширган ишлари юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов сўзга чиқди.
Вилоят Кенгаши депутатлари ва дахлдор мутасаддилар кўриб чиқилган масалаларга оид ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Хатамжон Кетмонов сўзга чиқиб, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари олдида турган, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш вазифалари  нималардан иборат эканига эътибор қаратди.
Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссиялари таркибини қайта тузиш тўғрисидаги, 2-Поп, 22-Қўқумбой ва 36-Ғалча сайлов округидан депутатлар Аброров Икромидин Ботирович, Маткаримов Пахридин Жўраевич ва Абдураззаков Шавкат Шокиржановичларнинг депутатлик ваколатини муддатидан илгари тўхтатиш ҳақидаги масалаларни кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилдилар.
«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 44-моддасига мувофиқ, ўрни бўшаб қолган сайлов округларида 2017 йил 7 май якшанба куни сайлов ўтказиш белгиланди

Биз Twitterда