Наманган шаҳри делегацияси Жанубий Кореяда гулчилик ва шаҳарсозлик борасида тажриба алмашмоқда

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йил 2 ноябрь куни Наманган вилояти сайловчилари билан бўлган учрашувдаги нутқларида Наманганда замонавий ландшафт дизайни асосида гулзорлар, хиёбонлар яратиш, ноанъанавий гуллар етиштириш, гулчиликнинг ўзига хос мактабини яратиш, хорижий давлатлардаги гул уруғлари ва технологияларини жалб этиш, маҳаллий мутахассисларни хорижий давлатларга тажриба алмашиш учун юбориш юзасидан  тавсиялар берган эди.
Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Саидаҳамад Султонов бошчилигидаги  вилоят делегацияси ана шу мақсадда Жанубий Кореяга сафар уюштирди.
Делегация аъзолари Корея гуллари ассоциацияси раиси Им Юнг О, “Hanti Nurcery” гулчилик компанияси президенти Ким Ши Бук ҳамда Коянг гуллар шаҳри мэр ўринбосари Чой Бонг Сон билан учрашувлар ўтказдилар.
Ўзбекистонда Наманган гуллар шаҳри дея эътироф этилгани каби, Жанубий Кореяда ҳам Коян ҳудди шундай шаҳар ҳисобланади. Сеул билан метро орқали уланган шаҳар бой тарихга эга. Унда Чосон қироллиги давридан қолган қалъа қолдиқлари сақланиб қолган. 1997 йилдан бери Коян шаҳрида халқаро гул кўргазмаси бўлиб ўтади. Уни кўриш учун бир миллиондан ошиқ гул ихлосмандлари ташриф буюришади.
Бўлиб ўтаётган мулоқотларда шаҳарсозлик, ободонлаштириш,  ноёб гулларни етиштириш ва парваришлаш, кўркам хиёбонларни бунёд этиш юзасидан ўзаро тажриба алмашилмоқда. Наманган делегацияси аъзолари Наманганда анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган гуллар байрами, наманганлик машҳур гулчилар ҳақида сўзлаб бердилар.
Ўз навбатида бу борада Жанубий Корея тажрибасини ҳам ўрганилмоқда, ҳусусан Сеулдаги гул бозори, “At Center”, “Nanti Nurcery”, ‘Human and  Landscape Company”, “Roseria” каби гулчиликка ихтисосолашган компаниялар, гул етиштириладиган иссиқхоналар фаолияти билан яқиндан танишиб ўзаро фикрлар алмашилди.    
Делегация аъзоларининг Жанубий Кореяга сафарлари давом этмоқда.
Темурмалик Воҳидов

Биз Twitterда