Муҳокама учун мавзу: Ўлим жазосини қайтаринг!

 
Жиноят битта бўлса ҳам кўп, оғир жиноятнику қўяверинг. Айниқса зўравоннинг қўлида таҳқирланиб жон берган гўдак тўғрисида эшитиш ҳам оғир. Аммо адолатли қонунларимиз энг оғир жиноятчиларнинг ҳам ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади. Ўзбекистонда ҳар қандай жиноят учун ўлим жазоси белгиланмайди.
Ижтимоий фикрларни ўрганишга, референдумларга ҳожат йўқ — аҳолининг мутлақ кўпчилик қатлами ўта оғир жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш тарафдори. Дунёнинг жуда кўпчилик давлатлари олий жазонинг бу туридан воз кечганлиги, бундай давлатлар сафи кун сайин кенгайиб бораётганлигига қарамай инсон қалби шафқатсизлик муносиб жазоланишини истайди, шу йўл билан ҳақ қарор топишини, ҳаракатга яраша жавоб берилишини ёқлайди.
Бироқ ўлим жазоси масаласида халқ фикри эмас, халқаро тажриба, конституция ва мукаммал қонунлар, гуманизм ғоялари, диний қарашлар каби омиллар инобатга олинади. Зеро Ислом динида ҳам қасосдан қайтарилади, қасос ҳақдан эканлиги эътироф этилади. Оғир жиноят учун ўлим жазосини эса қасосга тенглаштириш мумкин.
Ахборот асрида яшаймиз. Олдин бу каби маълумотлар сир сақланган бўлса, ҳозир тезда ошкор бўлади ва ҳар қандай оғир жиноят барча тафсилотлари билан омма муҳокамаси марказидан ўрин олади. Баҳслардаги ягона жиҳат муносиб жазони қўллаш устида кечади ва кўпчилик бундай оғир жиноятчиларга албатта ўлим жазосини, имкон бўлса шафқатсиз қатлни қўллаш тарафдори эканлиги намоён бўлади. 
Бу мақола муаллифи ҳам гарчи чақириқлари инобатга олинмаса ҳам, фикрлари умуминсоний қадриятларга, сўнгги йиллар тенденциясига зид бўлса ҳам ўлим жазосини қайта тиклаш ва ўзига хос ҳолатларда қўллаш тарафдори! 

 
Диққат қилинг: Андижон
Хўжаобод туманида туғилган, 27 ёшли Абдуқаюмов Азизбек оиласи бўлатуриб тумандоши Ферузага кўнгил қўйди. Биринчи оиласидан ҳали қонунан ажрашиб улгурмаган Феруза ҳам Азизбекнинг таклифига рози бўлиб, у билан шаръий никоҳ асосида яшай бошлади. Бир йил ўтиб улар ўғил фарзанд кўрдилар. 2017 йилнинг 30 декабрида Феруза Азизбекдан жавобини сўрайди. Гап орасида туғилган фарзанд уники эмаслигини айтиб, куракда турмайдиган ҳақоратли сўзларни ёғдиради. Бу эса ҳали ўттизга кирмаган йигитнинг қўлини қонга белади.
Азизбек аввалига Феруза, сўнгра воқеага гувоҳ бўлган унинг синглиси Наргизага оғир тан жароҳати етказади. Шундан сўнг ўгай қизи Гулчирой ҳамда бешикда ётган, ҳали бир ёшга тўлмаган Муҳаммадалини ўлдириб, уларнинг барчасини ёқиб юборади.
Бешикдаги гўдакка ҳам раҳм қилмаган қотилга умрбод қамоқ жазоси тайинланди...
Энди у панжара ортида бўлса ҳам бутун умр ўзи вакилларини ўлдирган шу мазлум халқнинг нонини еб, ошини ошаб, ёшини яшайди. Вақтлар, тузумлар ўзгарса балки озодликка ҳам чиқиб кетиши, ёки қочиб қутилиши ҳам мумкин. 
Аммо ўйлаб кўрайлик, шундай инсонлар яшашга хақлими? Яшашни қўйинг, нафас олишга, фикрлашга, ўй суришга хаққи борми?!
Бу ярамаску, ўгай болаларини ўлдирибди. Бундай оғир жиноятга аёл киши, яна ўзининг жигарбандига нисбатан қўл уришини қандай изоҳлаш мумкин?
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи Саидахон Муроджон қизи Тиллаволдиева ўзининг ўғли бўлган, 2015 йил 4 ноябрда туғилган Фирдавсбек Иброҳимжоновни бўғиб ўлдирган. Жиноятни яшириш мақсадида, боланинг жасадини арча тагига яшириб қўяди.
Қўлга тушганида боласини ўз қўллари билан ўлдирган она ўз гуноҳини қўйидагича изоҳлайди: «Болани ташлагани Тошкентдан қайтиб келдим. Учкўприкка ташлагани келсам, опа йўқ экан. Кейин уни машинада Андижонга юбормоқчи эдим, аммо бола унамади. Кейин буни қайга олиб бораман, ишлашим керак, менга жой йўқ, буни қаерда қолдираман, деб ўйладим ва болани ўлдиришга мажбур бўлдим. Қўлимда бўғиб ўлдирдим, шунга мажбур бўлдим. Уйга қайтай десам, аям киритмасди. Дадам қабул қилиши мумкин эди, аммо аям киритмасди, барибир бола кўчада хор бўлиб ўларди. Ўлдирганимдан кейин, бағримга босиб ўтирдим, кечирим сўрадим...». 
Бу аёлга нисбатан 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Арзимаган 15 йил... Ўзининг гўдагини бемалол бўғиб ўлдира оладиган аёл (аслида у бу номга ҳам муносиб эмас) 15 йилдан кейин ҳали куч қувватини йўқотмай озодликка чиқади. Гарчи унинг бу ҳаракати ижтимоий сабабларга боғланган бўлсада, икки жаҳон урушини бошидан кечирган, очлигу қаҳатчиликларни ўтказган шу юрт оналари сафида бунга жой борми?

 
Самарқанд
Самарқандда сунъий аборт йўли билан туғилган чақалоқлар савдоси билан шуғулланган Нигора Солиҳонова бошқарувидаги туғуруқхона аниқланган. Шифохона бошқаруви ходимлари тирик туғилган чақалоқларни сохта ҳужжат билан 500 АҚШ долларидан 2000 АҚШ долларигача бўлган миқдорда фарзандсиз оилаларга пуллашган.
Сотилмай қолган гўдаклар қаровсиз қолдирилиб, нобуд қилинган. Кичкинтойларнинг жонсиз таналарини тиббий чиқиндиларни ёқишга мўлжалланган муфель печида ёқиб юборишган. Ақл бовар қилмас жиноятга қўл урган бош шифокор Нигора Солиҳонова 13 йил 2 ойга озодликдан маҳрум этилди.
Умримиз оловдаги қовжираган япроқдек ёнмоқда. Ҳафталарнику майли, ойу-йиллар ўтаётганини ҳам ҳис қилмай қолаяпмиз. 13 йил ўтмас эканми? Ҳаттоки бунча муддатни ҳам кутмай амнистиялар ёки бошқа йўллар билан ҳам чиқиш имкониятига эга бўлган бу аёл ҳам умрининг охирини роҳат-фароғатда ўтказиш имкониятига эга.
Виждон азоби дейсизми? Агар бундай ҳис бўлганида норасида гўдакни ўлдириш ва ёқиш даражасига борармиди? Йўқ, бундай инсонларда эзгу ҳиснинг ўзи йўқ, шундай экан уларнинг яшашга қандай ҳаққи бўлсин?!
Бу каби жиноятларни яна истаганча санаб ўтиш мумкин. Лекин қалбингиз ўртанаверишига на ҳожат?
Албатта, ўлим жазоси жиноятчиликни камайтиришнинг мутлақ кафолати эмас. Аммо ўз ихтиёри билан Аллоҳнинг ҳам, инсониятнинг ҳам “ўлдирма” деган ундовини писанд билмаганларга нисбатан, айниқса бечора болалар ҳаётига зомин бўлганларга шафқат қилиш қанчалик тўғри?
Ўлим жазосини қайтарсак, ривожланган давлатларнинг, айниқса ғарбнинг танқидига учрашимиз аниқ. Лекин ўша Буюк Ғарб бизни бир жинслилар муҳаббатига учраган майдақадамларга эрк бермасликда ҳам мунтазам айблаб келади. Шукр, умримиз ўтмоқда. Демак, истиҳолани йиғиштириб, бу борада ҳам кескин қарорга келишимиз мумкин. 
Ҳеч бўлмаганда айнан ожиз болаларнинг қотилларига нисбатан қатл жазосини тиклаш шарт ва зарур!
Аброр Зоҳидов
 

Биз Twitterда