МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУДИГА: Ҳали ҳаммаси олдинда!

 
Ҳали ҳаммаси олдинда!
Бадиҳа
 
Икки-уч йил олдин бу мақолани ёзолмасдим. Муҳаммад акани эсласам кўнглимдаги вулқон оламни бузиб юборгудек фарёд солгим келарди. Ҳеч кимнинг вафотидан сўнг бу қадар ўкраб, бу қадар ўксиниб, бу қадар ҳақири нолон бўлиб йиғламаганман, бу қадар узоқ ва азобли мотам ғуссасига чўкмаганман. Муҳаммад ака билан қалбан қариндош, қалбан дўст, қалбан ака-ука эдик. У кишининг нафақат мен, балки мен сингари минглаб қалбан қариндош ака-укалари, опа-сингиллари бор эди. Чунки ўзбек миллати отамиз, ўзбек тили – онамиз эди. Бу муҳаббат бизни бир оила атрофига жамулжам этганди. Муҳаммад Юсуф ҳаётининг, ижодининг, эътиқодининг асосий мазмуни Ўзбекистонни шарафлаш, сўнгги қатра қонгача, сўнгги нафасгача, сўнгги мадоргача мана шу юрт, шу халқ пойида таъзим ва ташаккурда жон нисор этмоқ эди. Муҳаммад Юсуф, илк мисраларини ёзган кунлариданоқ шу йўлни танлади ва умрининг барча долғали, мушкулу – осон даврларида бир лаҳзага бўлсин бу йўлдан оғишмади.
Яширадиган жойи йўқ, қачонлардир Ватан мавзуси кўпчиликнинг энсасини қотирарди. Чунки, у пайтларда Ватан деб аталган Ватан бизнинг Ватан эмасди. Турғунлик давридаги бахтли-саодатли, ҳур ва эркин замон, ҳур ҳам эмас, эркин ҳам эмас, мустамлака тузуми остидаги қўл-оёққа кўринмас кишан боғланган тириклик тарзи эди. Шу сабаб шоир-ёзувчилар бу мавзулардан қочишарди. Кўплар Ғарб шоирларига ёки Лотин Америкаси ёзувчиларига тақлидан, модерн услубда ёзишга ўтиб кетганди. Мустамлака даврида Ватан мавзусида ёзишдан кўра, ўшаларга тақлид қилиш одамни ёлғончиликдан асрарди. Истиқлол худди баҳор сингари юртимизга қайта ҳаёт олиб келгач, ижодкорлар руҳиятида бу инқилоб аста-секинлик билан куртак оча бошлади. Етмиш йил давомида букчайган қадни бирданига ростлаш мушкул эди.
Муҳаммад Юсуф шу даврда машъала кўтариб чиқди. Давр, замон Муҳаммад Юсуфни туғди. Муҳаммад Юсуф Истиқлол даврининг тили, юраги, овози, хайқириғи, адабий куч-қудрати, шеърияти, замон қаҳрамони бўлиб ўртага чиқди. Адабиёт ўзанини тўғри йўлга буриб юборди. Халқ, ўз юраги туққан шоирни, ўз қалбининг боласини этак-чечак қилиб юрганини, бўй чўзганини, кучга тўлганини, навқирон бўлганини кўриб суяр, олқишлар, ардоқлар, еру кўкка ишонмай, ғурурланарди.
Адабий муҳит шундайки, хулқи бузуқ, ёмон одамни ҳатто даҳо бўлса ҳам тан олмайди, гапириш у ёқда турсин, эшитмайди ҳам. Муҳаммад Юсуф инсон сифатида ҳам адабий муҳитнинг эркаси, жон-у жаҳони эди. У киши содда, камтар, камсуқум, жуда оддий одам эди. Умуман бировни ғийбат қилмас, бировни ёмон кўролмас, кибрдан узоқ, очиқ қўл, очиқ кўнгил, хокисор, ҳамма билан бирдай гаплашиб кетаверарди. Бир кун, юқори идораларнинг биридаги йиғинда, “Халқ бўл, элим” шеърининг муҳокамаси бўлади ва катта шоирлардан бири, бу шеърни қаттиқ танқид қилади, ва: “Минг йилдан буён халқ бўлиб келаётган халқни, энди халқ бўл, деяпсанми, ўзбек халқини халқ сифатида тан оламаяпсанми?” – дея сиёсий айб қўйяди ва шоирга сўз бермай, кўпчиликнинг олдида изза қилади, шоирни нотовонликда, халқни камситишда айблайди. Ўша куни Муҳаммад ака билан кўришганимизда жуда тушкун, қайғули ва оғир изтиробда эдилар. Бир жойда туролмас, у ёқ бу ёққа бориб келар, хаприқар, алам ва ўкинч аччиғида гапирар, ўзини босолмасди.
“Мен у одамни устоз дегандим, ўз устозим оёғимга болта урди. Ахир яхши биладику, одатда тилак шундай билдирилади, масалан, соғ одамни кўрсангиз ҳам, хайрлашаётиб соғ бўл, дейсиз. Омон бўл, бахтли бўл, тинч бўл, катта бўл, дейсиз, бу ерда худди шунга ўхшаб халқ бўл, дея яхши тилак билдирилаяпти-ку,”– дерди. Беш дақиқадан сўнг, Муҳаммад ака ҳамма нарса эсидан чиқиб кетгандай, ўз ҳолига келди.
Ҳоврдан бу қадар тез тушишни ҳеч кимда кўрмагандим. Худо, яхши кўрган бандасини шундай беозор яратаркан-да!
Шоир – дарахт, шеърлари – меваси. Ўқувчилар, мухлислар бу мевани татиб, ҳузур қилиб кетаверадилар. Ижодкор атрофидаги одамларнинг бахти шундаки, улар нафақат мевадан, балки мана шу дарахтнинг ўзидан, гуркираб ўсишидан, япроқларидан, ям-яшил тароватидан, соясидан баҳраманд бўлади. Муҳаммад Юсуф атрофида бўлганлар шундай бахтли одамлар эди.
Муҳаммад аканинг суҳбатидан, фикрларидан, ҳимматидан, марҳаматидан, у киши билан бирга юриш-туриш насиб этган кишилар ҳаётларида катта саодатга эришган кишиларки, бундай дилкаш, бундай дилбар, одамнинг жону-жаҳонига айланадиган, ижоди қанчалик севимли бўлса, ўзи ҳам, инсон сифатида шу қадар севимлига айланаолган ижодкорлар жуда камдан кам бўлади. Баъзиларнинг ижоди яхши бўлади-ю, ўзи такаббур, аблаҳ, баъзиларининг ўзи яхши -ю, ижоди бир пулга қиммат.
Муҳаммад Юсуф адабий муҳитда кўпчиликнинг меҳрини қозонди, бу унинг инсоний фазилатлари буюклигидан дарак берарди, шундан сўнг у, шеърият майдонида қаҳрамонга, истиқлол жарчисига айланди. Ўзбек адабиётида янги зарварақ очилди, элга юртга, миллатга, Ватанга, ота-онага муҳаббат қандай бўлиши кераклигини ўргатувчи мактаб яратди ва чин юракдан ҳақиқий дурдона шеърлар қандай бўлиши кераклигини ўргатиб кетди.
Муҳаммад ака бизнинг хонадонда кўп бўлган ва мен ҳам у кишининг хонадонида кўп бора бўлганман. Муҳаммад аканинг тавсияси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинганман. Муҳаммад ака ҳақида телевизион кўрсатувлар тайёрлаганман. Устоздан кўпгина ўгитлар олганман. Шулардан бир умр юрагимга муҳрланиб қолганларини баён этаман:
“Мен қўшиқчи шоир эмасман, шоирман. Шеър қўшиқдан баланд туради. Шеърнинг ўзи – санъат. Биронта шоир қўшиқчининг остонасида ётиб олмаслиги керак. Қўшиқчи билан дўст бўлса, ҳамкор бўлса бошқа гап, лекин шеърнинг, шоирнинг обрўсини тушириб, хонандаларнинг орқасидан югуриб юрган шоирлар – сўз заргари эмас, сўз савдогаридир. Ундай кимсалардан шеъриятни асраш керак.”
“Ёмон шеър ёзиш, одамларга қараб тупуришдир, уларнинг юраги, кўнглига тупуришдир.”
“Яхши шеър ёзиш учун одам ўзини муттаҳамликдан, ёлғон гапиришдан, таъмадан, миннатдан, порахўрликдан, мансабпарасликдан ва ҳоказо ёмон иллатлардан асраш керак. Баъзи шоирлар, ёмон ишлар қилавераман, лекин яхши шеърлар ёзавераман деб ўйлайди. Асло ундай эмас. Ёмон одам, яхши шеър ёзолмайди.”
“Шоирлар бойларнинг эшигига ялиниб бормаслиги, амалдорнинг пойига патак бўлмаслиги керак. Шоир Худонинг эркатойи, халқнинг арзандаси. Агар шоир Худони севса, халқ шоирни севади, агар шоир бойликни севса, халқ ундай шоирни севмайди.”
“Шеър ҳурмат қозонсагина, шоир ҳурматли бўлади.”
“Шеър ёзиш яшашдан кўра яхшироқдир. Чунки, одам яшаса, 50-60 йил яшайди, шеъриятга муҳрланган ҳаёт эса асрлар давомида яшаши мумкин.”
“Ҳеч қачон компъютерда ёзманг. Қўлда, ручка билан оқ қоғозга ёзинг. Шунда, меҳрингиз, руҳингиз сўзга, қоғозга ўтади. Қоғозга ғойибона куч, сеҳр жамланади: Шеър, ҳикматга айланиши шундан.”
“Шоир ҳалоллик, мардлик, фидойилик ҳақида гапириши керак эмас, балки оқ қоғоз олдида ўзи мард, ҳалол, фидойи бўлиб шеър ёзиши керак.”
“Шоир бошқа шоирлардан кўра зўрроқ шоир бўлишни эмас, балки халқнинг буюклигини англаб зўр шоир бўлишни мақсад қилиши керак.”
“Шоир бургут бўладиган бўлса, халқ – мана шу бургут учадиган, тоғлар, қоялардир. Шунинг учун шоир бутун умр бу халқ олдида бош эгиб яшаши керак.”
Эсласак, эслагулик гаплар, хотиралар, воқеа-ҳодисалар кўп.
Муҳаммад аканинг вафотидан бир неча йил аввал жонажон опам Турсуной Содиқова билан аканинг бетоблигини эшитиб, шифохонага бордик. Турсуной опа йўл-йўлакай Муҳаммад акани гапириб кетдилар: “Бу бола оддий бола эмас, мўъжиза. Юрагининг кўзи бор, узоқни ва чор атрофни яққол кўради. У ҳамма кўрганни, ҳамма билганни эмас, ҳамма кўрмаганни, ҳамма билмаганни ёзади. Ҳаммадан зўр қилиб ёзади. Бунинг юрагида илоҳий бир илҳом бор. Илҳоми доим қайнаб-тошиб туради. Унинг айтганидан кўра, айтолмагани кўп. Мана шу айтолмагани, бу болани касал қилган. Мана шу айтолмаганлари юрагида қон бўлиб қотиб қолган. Бу бола ҳали шундай шеърлар ёзсинки, ҳаммамиз чангида қолиб кетайлик.”
Шифохонага кирсак, Муҳаммад ака бошларига сочиқ танғиб олган, кроватда, чойшабга ўраниб, шипга қараб ётибдилар. Ҳали кўришишга улгурмасимиздан Турсуной опа кўзлари жиққа ёшга тўлиб, йиғлаб юбордилар.
 − Вой, ўзбекнинг бир буюк боласи, шундай афтода ётадими! Рангингга нима қилди, нега кўзларинг киртайиб қолди? Нега бу аҳволга тушдинг, Будулайжон! Сен ҳали бизга кераксан, ўзбекнинг бахтига омон бўлгур, шеъриятни бир томонини кўтариб турибсанку, мени ўлдириб қўймагин Будулайжон, бу бечора опангни жони ўзи яримта, томоғимда хиқиллаб турибди, сени бу аҳволингга чидолмайман, ўрнингдан тур, Будулайжон, қаддингни росласанг-чи, эмгагингни кўтарсанг-чи, бўй – бастингни кўриб қувонай, сен бутун бир миллатнинг умидисан, жонидаги жавҳарисан, сенинг ортингда бутун бир халқ турибди, бу ётишни бас қил, жоним болам! – дея ўкраб гапирардилар.
Муҳаммад ака эса, ўринларидан туришга ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, қўзғололмас, овозлари одатдагидан паст ва шикаста чиқарди!
− Йиғламанг опа, энди тузукман, энди ўлмайман, энди олдимдан ажал кетди, яқинда соғаяман, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетаман, энди ажални қуваман, опа! – дерди.
− Вой, ажални гапирма, умринг узоқ бўлгур, ҳали қизларингни узатасан, ҳали ката-катта тўйлар қилиб, болаларингнинг, невара-чевараларингнинг тўйларида тўйбоши бўлиб юрасан. Мен опангни суянган тоғисан, ўзбекнинг қайси хонадонига борсанг сен борган уйлар тўйхона бўлади, сен борган жойлар қувончга тўлади, шодиёнага тўлади, айланай болам, эртароқ тузалгин – дердилар Турсуной опа.
Ўшанда ҳар қанча кўз ёш тўккан бўлсакда, Муҳаммад аканинг хасталигини кўриб, кўз ёш тўкканмиз, лекин Турсуной опанинг ҳам, менинг ҳам хаёлимга Муҳаммад ака ҳам ожиз банда, ўлиши мумкин деган хаёл келмаган. Биз буни тасаввур қилолмасдик. Биз буни ақлимизга сиғдиролмасдик.
Мана Муҳаммад ака орамизда йўқ. Қабрлари нурга тўлсин. Оҳу фарёд чекишдан, у кишининг хақларига дуойи фотиҳа ўқишдан бошқа иложимиз йўқ. Агар тирик бўлганларида шеъриятимизнинг олтин хазинаси, дуру жавоҳирларга янада тўлган, адабиётимиз, халқимиз маънавияти янада бойиган бўларди.
То ўзбек шеърияти бор экан, Муҳаммад Юсуф бор. Ундай буюк шоирни ҳеч ким, кеч қачон унутмайди.
 Мен, охиратга, қиёмат кунига, қайта тирилишга, ва дўстлар яна дийдорлашиб кўришишига ишонадиган одамман. Ва албатта, қиёмат куни Муҳаммад ака билан яна юзма юз кўришиш орзусидаман. Унгача сизни соғиниб, ижодингиз, инсонийлигингиз, меҳру муҳаббатингиз, дўстлигингиз завқу шавқи билан яшайман. Ҳали ҳаммаси олдинда! Ҳали сиз билан шеър ўқишадиган, айтиб кулишадиган, эсланадиган гапларимиз кўп, Муҳаммад ака!
                        Муҳаммад Исмоил

Биз Twitterда