Моуриньо Ибрагимовичнинг ҳаракатларидан ҳайратда!

Швециялик чарм тўп устаси бу йили 36 ёшни қарши олади. Лекин шунга қарамай у жаҳоннинг топ клубида юқори савияда ўйин намойиш этмоқда. Ушбу мавсумда Златан Ибрагимович “Манчестер Юнайтед” сафида барча мусобақаларда 37 ўйинда майдонга тушиб, 24 гол муаллифига айланди ва шерикларига 6 бор голли тўп узатишни амалга оширди. Унинг ҳаракатларидан жамоа бош мураббийи Жозе Моуриньо тўла қониқиш ҳосил қилмоқда. Буни португалиялик мутахассис охирги интервьюси чоғида яширмади.
“Ўйлашимча, ҳозир у менинг қўл остимда “Интер”да тўп сурган пайтлардан-да ҳам яхшироқ ўйин кўрсатмоқда. У анча улғайган ва ўйинни яхши ҳис қила олаяпти. Златан нафақат ҳужумни ажойиб тарзда якунлайди, балки уни ташкил этишнинг ҳам устасидир. Златан ҳақиқий етакчи ва ёш футболчилар билан қандай муомала қилишни жуда яхши билади. Ўйлайманки, у 40 ёшигача футбол ўйнаши мумкин. Гап фақат унинг жисмоний ҳолати ҳақида эмас. Қачондир Златан футболчилик фаолиятини якунлайдиган бўлса, футбол олами буни тўғри тушунади. Айни пайтда у амалга ошираётган иш шунчаки ажойиб. Аммо вақти келиб у, даври тугаганини тушуниб етади”, - дейди Моуриньо.
“МЮ” Ибрагимовичнинг профессионал фаолиятидаги саккизинчи жамоасидир. Бундан 19 йил бурун катта футболга қадам босган иқтидорли ҳужумчи “Мальмё”, “Аякс”, “Ювентус”, “Интер”, “Барселона”, “Милан” ва ПСЖ клублари шарафини ҳимоя қилган. Илк клуби “Мальмё”дан ташқари барча жамоаларда чемпионлик унвонига сазовор бўлган. Дарҳақиқат, бу футболчи билан Моуриньо ҳар қанча ҳайратланса арзийди.

Биз Twitterда