Миссионерларнинг риёкор мақсадлари кенг жамоатчиликда жиддий хавотир уйғотмоқда

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг барча соҳалар қатори, фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинликлари йўналишида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги ва диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Шунингдек, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши билан диннинг жамиятдаги ўрни тикланди ва диний ташкилотларнинг очиқ ва дахлсиз фаолият кўрсатишларига имкониятлар яратилди. Шунга асосан, ҳозирги кунда вилоятимизда Адлия бошқармаси томонидан давлат рўйхатига олинган исломий диний ташкилотлар билан бир қаторда, ноисломий диний ташкилотлар ҳам эмин-эркин фаолият юритмоқда. Республикамиз миқёсида Тошкент Ислом институти, 9 та ўрта махсус Ислом билим юрти, Православ ва Протестант семинариялари ташкил этилган. Қатор тарихий обидалар диний ташкилотлар ихтиёрига ўтказилди. Нафақат ислом динидаги байрамлар, балки христианлик, буддавийлик динидаги байрамларни ҳам нишонлашга кенг имкониятлар яратилди.
Аммо афсуски, яратилган шунча шароитларга қарамай, ҳозирги кунга келиб дин соҳасида ҳукумат томонидан берилган имтиёз ва эркинликларни суиистеъмол қилиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Айрим миссионерлик жамоалари кўп динли жамиятимизда эътиқод эркинлиги кафолатланганидан фойдаланиб, ўзларининг риёкор мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қилаётгани кенг жамоатчиликда жиддий хавотир уйғотмоқда.
Миссионерлик бугун жамиятда чуқур илдиз отган муаммолардан биридир. Ҳозир миссионерлар кириб бормаган жабҳа, улар фаолият юритмаётган мамлакат дунёда йўқ. Ташвишлиси, миссионерлар ҳар бир мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

Миссионерликни амалга оширишда тиббиёт ва таълим-тарбия соҳасидаги фаолият, хайрия ёрдамлари кўрсатиш, уйма-уй юриб, тарғибот олиб бориш, маҳаллий тилларда христианликни тарғиб қилувчи адабиётларни тарқатиш, рўзнома ва журналлар, радио ва теледастурлар, кино маҳсулотлари ва интернет ҳам алоҳида ўрин эгаллайди.
Бугунги кунга келиб, заминимизга нотинчлик, парокандалик ва маънавий таназзул уруғларини сепиш мақсадида фаолият юритаётган диний миссионерлар асосан собит эътиқод ва мустаҳкам иродага эга бўлмаган, ота-бобосининг дини ҳақида етарли маълумоти йўқ, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож инсонлар, айниқса ёшларга ёрдам кўрсатиш орқали уларни ўз динларига оғдириб олишга уринмоқда.
Ноисломий секталар ўз динларини ёки таълимотларини ёйишдан қандай манфаатдор? Уларнинг асл мақсади одамлар онгига соф диний таълимотлардан йироқ ақидапарастлик ғояларини сингдириш ва шу орқали уларни маънавий қашшоқ манқуртларга айлантиришдан иборат. Чунки жамиятда бундай маънавий тубан, муте қатламга хос одамларнинг кўпайиши нотинчлик, парокандалик ва маънавий инқирозни келтириб чиқаради. Бунинг натижасида оилада ака-ука, опа-сингил, ота-ўғил ўртасида турли низолар авж олади ҳамда миссионерлик домига тушиб қолган инсонлар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар, христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, унинг отаси эса набирасини мусулмон урф-одатига кўра хатна қилдиришни истагани туфайли ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиқиши ҳамда динлараро муносабатларда катта можароларга олиб келиши мумкин.
Айрим одамлар ота-бобоси асрлар давомида эътиқод қилиб келган диндан воз кечиб, ўзга таълимотларга эргашиб кетаётгани жамият бирдамлиги маънавий ҳаёти учунгина хавф деб тушуниш нодонликдир. Бу аввало ўша эътиқодини ўзгартирган одамнинг ҳаётидаги энг катта фожиадир.
Хулоса ўрнида айтганда, миссионерлик миллий бирлик ва жамият барқарорлигига таҳдид экан, унга қарши кураш, олдини олишга қаратилган ишларни тизимли ташкил этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Фуқароларимиз бундай таъсир доирасига кириб қолишдан ўзларини асрашлари керак. Тинч-тотув, баҳамжиҳат ҳаёт кечиришни истаймизми, ён атрофимизда, кўз ўнгимизда рўй бераётган воқеаларга бефарқ, лоқайд бўлмаслигимиз лозим.
Дилмурод ИСМОИЛОВ

Биз Twitterда