Мирзиёев ва Абэ ўзаро мактуб алмашишди

Article
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония Бош вазири Синдзо Абэ Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан ўзаро мактуб алмашишди, бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жумладан, Япония ҳукумати раҳбарининг Президентимизга йўллаган мактубида шундай дейилади: “Сизга Япония ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан самимий табрикларимни изҳор этишга рухсат бергайсиз. Ўзбекистон мустақилликка эришган кундан эътиборан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда.
Мен нафақат сиёсат ва иқтисодиёт борасидаги муносабатларимизни ривожлантириш, балки турли соҳаларда, шу жумладан, маданият ва илм-фан соҳаларида ҳам Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш учун бундан буён ҳам бутун имкониятларимни ишга солишга тайёрман.
Сизга, Жаноби Олийлари, мустаҳкам соғлик, фаолиятингизда муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига бахт-саодат ва фаровонлик тилашга рухсат этгайсиз”.
Шавкат Мирзиёевнинг Абэга юборган номисида эса шундай сўзлар битилган: “Ўзбекистон Япония билан самимий дўстлик алоқаларини, стратегик шериклик ва ҳамкорликни юксак қадрлайди.
25 йиллик ҳамкорлигимиз давомида муносабатларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди. Бу борада 2002 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Япония ўртасида дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот муҳим ўрин тутади. Сизнинг Ўзбекистонга ташрифингиз давомида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот ўзаро муносабатларимизни янги босқичга кўтарди, мамлакатларимиз ўзаро алоқаларни изчил ривожлантиришдан манфаатдор эканини намоён этди.
Бугун Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш ва мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида Япония бизнинг энг муҳим ва устувор шерикларимиздан биридир.
Таълим соҳасида ҳамкорлигимиз юксак даражага кўтарилганини алоҳида қайд этишни истардим. Япония томонидан бу борада кўрсатилаётган кўмакни юксак қадрлаймиз ҳамда Ўзбекистон – Япония ёшлар инновация марказининг тўлиқ фаолият кўрсатиши юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида биргаликдаги ҳаракатларимизга қўшимча суръат бахш этишига умид боғлаймиз.
Мамлакатларимизнинг муштарак қадриятлари ва узоқ муддатли манфаатлари асосида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги анъанавий дўстлик алоқалари бундан буён ҳам халқларимизнинг фаровонлиги йўлида ривожланиб боришига ишонаман.
Ушбу қулай имкониятдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик, Япония халқига янада юксалиш ва фаровонлик тилайман”.
 

Биз Twitterда