Мирзиёев: "Халқимиз балиқни луқмаи ҳалол деб аташида катта ҳикмат бор!"

Article
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Термиз туманида ташкил этиладиган балиқчилик комплекси лойиҳаси билан танишди, деб хабар беради ЎзА.
Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида 186 балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Энди уларнинг сафига «Термиз агро фиш экспорт» агрофирмаси ҳам қўшилади. Бу ерда балиқ етиштириш билан бирга балиқ озуқаларини ишлаб чиқариш, вилоятда етиштириладиган балиқ маҳсулотларини экспортга йўналтириш ишлари ҳам амалга оширилади. Корхонада Вьетнам технологияси асосида Африка лаққаси, карп каби балиқлар етиштирилади. Сувни мунтазам тозалаб беришга асосланган ушбу технология балиқ етиштириш самарадорлигини беш баробарга ошириши билан аҳамиятлидир. Комлексда 500 тонна балиқни қайта ишлаш, 105 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. 
Халқимиз балиқни луқмаи ҳалол деб аташида катта ҳикмат бор, деди Президентимиз. Унинг таркибида инсон саломатлиги учун жуда муҳим бўлган элементлар, витаминлар мавжуд. 
Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш лойиҳаси билан танишди. Лойиҳада вилоятдаги гидротехника иншоотлари, канал ва бошқа сув тармоқларини реконструкция қилиш, янгиларини қуришга қаратилган 122,7 миллион долларлик чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Унинг 89,5 миллион доллари Ислом тараққиёт банкининг кредити ҳисобига қопланади. Натижада вилоятнинг Шеробод, Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Бойсун, Қумқўрғон туманларидаги 103,5 минг гектар майдонда сув таъминоти яхшиланади. 

Биз Twitterда