Мирзиёев-Путин учрашуви давом этмоқда: Стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш ҳар икки давлат учун ҳам зарур!

Россияда давлат ташрифи билан бўлиб турган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан учрашди.
Кремлда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки давлат мадҳиялари янгради ва Шавкат Мирзиёев ҳамда Владимир Путин фахрий қоровул сафи олдидан ўтишди.
Президент қароргоҳида икки мамлакат раҳбарлари ОАВ учун кичик чиқиш қилишди ва суратга тушишди. Шавкат Мирзиёев Россия президентига мурожаатини Санкт-Петербургда юз берган теракт муносабати билан ҳамдардлик билдиришдан бошлади.
Шундан сўнга ёпиқ эшиклар ортида музокараларга ўтилган. Шавкат Мирзиёевга бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов ҳамда ТИАСВ раҳбари Элёр Ғаниев ҳамроҳлик қилмоқда.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович, дўстлар, ҳамкасблар! Сизларга "Кремлга хуш келибсиз" дейман. Биз сизнинг Россияга ташриф буюрганингиздан хурсандмиз. Бу ташрифга ҳар икки томон узоқ тайёргарлик кўрди. Кўплаб ҳужжатлар имзога тайёрланди. Лекин асосий масала бу қоғозларда эмас. Уларнинг натижасида амалга оширадиган ишларимизда. Сўз Ўзбекистон ва Россия муносабатлари тараққиётидаги янги, жиддий  қадам ҳақида кетмоқда. Иқтисодиёт, сиёсат ва бошқа қатор соҳаларда ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида Россия Ўзбекистонга суянади. Афғонистон масаласида Ўзбекистоннинг ўзига хос ўрни бор” – деди Путин
“Бизнинг Самарқанддаги учрашувимиз чоғида турли йўналишларда ҳамкорлик қилиш борасида очиқ-ойдин гаплашиб олгандик. Қисқа вақт ичида бу борада катта ишларни амалга оширдик. Бунинг учун сизга ташаккур билдираман. Бизнинг суҳбатдаги барча режаларимиз ҳаётга тадбиқ бўлмоқда."
"Биринчи Президентимиз Ислом Абуғаниевич Каримовга нисбатан кўрсатган ҳурматингиз учун алоҳида ташаккур изҳор қиламан. Москва марказида, жуда ажойиб жойдан Ислом Абдуғаниевичга ёдгорлик ўрнатиш учун хиёбон ажратдингиз. Бу ёдгорлик ва хиёбон икки халқ ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашига ишонаман” – деди Мирзиёев.
Мирзиёев Ўзбекистон Россиянинг Афғонистондаги вазиятни ўнглаш борасида амалга ошираётган сайъ-ҳаракатлари ва тутган позициясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
"Афғонистон масаласида Россиянинг бугунги кунда амалга ошираётган ишларини қўллаб-қувватлаймиз ва бу борада ҳар томонлама кўмакдош бўламиз. 14 апрель куни ўтказиладиган учрашувда бизнинг вакилларимиз ҳам иштирок этишади ",- деди Мирзиёев.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Афғонистондаги тинчлик ва осойишталик Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди. “Афғонистондаги тинчликни таъминлаш ишларида биз ҳам фаол иштирок этамиз", - деди Мирзиёев.
Россия ва Ўзбекистон ўртасида стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш ҳар икки давлат учун ҳам зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Музокаралар якунида икки давлат раҳбарларининг қўшма баёноти, Ўзбекистон билан Россиянинг турли соҳалардаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган 50дан ортиқ ҳужжат имзоланиши мўлжалланган.

Биз Twitterда