Мингбулоқ туман ҳокимлиги, интернетда тарқалаётган видеоиддаоларга муносабат билдирди

 
Мингбулоқ тумани ҳокимлиги туман маркази - Жомашуй шаҳарчасида амалга оширилаётган шаҳарсозлик ишлари жараёнидаги уй-жойларни бузишда фуқаролар манфаати таъминланмаётгани ҳамда туманда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар берилмаётгани билан боғлиқ ижтимоий тармоқларда ҳамда Youtube каналида тарқалаётган видеолавҳалар юзасидан қуйидагиларни баён қилади:
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Мингбулоқ туманида шаҳарсозлик ишлари жараёнидаги уй-жойларни бузиш жараёнида қонун талабларига амал қилинмаётгани иддао этилган видеолавҳалар тарқатилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу борада ўртага ташланаётган масалалар, ҳаққонийлик даражасидан қатъий назар, барчаси туман ҳокимлиги томонидан жиддий эътиборга олиниб ўрганиб чиқилмоқда.
Бу лавҳалар тарқатилаётган манба томонидан энг сўнг эълон қилинган видеода туманда яшовчи бир неча фуқаролар томонидан ўртага ташланган уй-жойларни бузиш билан боғлиқ ҳамда бошқа масалалар ҳамда бу масалаларнинг Республикамиз Президенти номига йўллангани боис, туман ҳокимлиги ҳар бир келтирилган масала юзасидан мавжуд ҳолатни алоҳида баён қилишни лозим топди:
 
 
Видеолавҳа, туман маркази Жомашуй шаҳарчаси Бирлашган МФЙ ҳудудида яшовчи ногирон фарзанди бор фуқаро Умида Эргашеванинг Президентга мурожаати билан бошланиб, ҳозирги пайтда уй-жойи йўқлигини, ҳар жойга борганини, 3-4 йилдан бери сарсонлигини айтиб шикоят қилади.
Ўзбекистонда олиб борилаётган халқчил давлат сиёсатининг бир бўлаги ҳамда халқ манфаатларининг давлат сиёсатида устуворлигининг исботи сифатида 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида”ги низом талабларини бажариш бўйича республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Мингбулоқ туманида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бунда ариза берувчиларнинг уй-жойга муҳтожлиги даражасига кўра уй-жой билан таъминлаш йўлга қўйилмоқда. Дастурда иштирок этиш истагини билдирган ариза берувчиларнинг сони кўплигини ҳамда узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган муаммонинг бир йилда барча учун ҳал қилиниши имконсиз эканини ҳисобга олган ҳолда, шу билан бирга оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминланишга қадар бўлган муддатда яшаш шароитларини имкон қадар яхшилаш мақсадида тумандаги бўш турган баъзи объектлар вақтинча яшаш турар-жойларига айлантирилди ҳамда Дастурда иштирок этиш учун ариза топширганларга таклиф этилди. Бу объектларда ҳам яшаш учун барча шароитлар яратилди, тўла таъмирлаш ишлари ўтказилди.
Фуқаро Умида Эргашевага ҳам 2018 йил 20 декабрь куни Ёшлик МФЙ ҳудудида жойлашган туман ҳокимлиги балансидаги уй ажратилган. Бироқ фуқаро ёзма равишда ўз хоҳиши билан у уйни рад этиб, туман марказида қурилаётган намунали уй-жойлардан хонадон ажратиб берилишини сўраган. (қуйидаги келтирилади).
 
 
2019 йилда унинг илтимоси қондирилиб, Жомашуй шаҳарчаси Мустақиллик МФЙда қурилиши давом этаётган кўп қаватли уйдан хонадон ажратилган. Наманган вилояти ҳокимининг 2019 йил 27 июндаги 280-ф сонли фармойиши билан, туманнинг яна етти уй-жойга муҳтож фуқароси билан бирга, Умида Эргашевага ҳам 10 миллион сўм маблағ (Фармойиш бўйича жами 80 миллион сўм) янги уйнинг дастлабки бадал тўловини амалга ошириш учун ўтказиб берилган. (Фармойиш қуйида келтирилади).
 
 
Мустақиллик МФЙда қурилиши давом этаётган кўп қаватли турар-жой қурилиш ишлари жорий йил декабрь ойида якунланади. (қуйида қурилиш жараёни расми келтирилган).
 
 
 
Фуқаро Умида Эргашева бу жараённи тўла билган ҳолда видеолавҳада қилган чиқишининг сабаби бизга ноаён. Ахборот манбаси ўзи тарқатаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўриши лозимлиги қонун талаби эканини шу ўринда эслатиб ўтиш лозим.
Видеолавҳа давомида туман марказидаги Қўриқобод МФЙда яшовчи фуқаро Иброҳим Рустамовнинг ахлатхонада яшаётгани ҳақида гап боради. Бу борада шуни маълум қилиш лозимки, амалга оширилаётган шаҳарсозлик ишлари жараёнида ушбу фуқаронинг уйи ҳам бузилиб, янгиланиши белгиланган. Фуқаро Рустамов, тадбиркорлар томонидан ўзи яшаётган ҳовлиси ҳудудига бошқа бино қуриш ҳамда ўрнига унга кўп қаватли уйлардан бир неча хонали хонадон тақдим этиш таклифларини рад этган. Айнан ўз ҳовлисида яшашни давом эттириш истагини билдирган. Унинг моддий имкониятлари пастлигини ҳисобга олган ҳолда, туман ҳокимлиги воситачилигида топилган ҳомийлар ҳисобига унинг эски уйи ўрнига янги уй қуриб берилмоқда, ҳозирда том ёпиш ишлари давом этмоқда. Уйи битгунгача бўлган даврда яшаб туриши учун вақтинча яшаш жойи тақдим этилган. (Иброҳим Рустамовнинг бузилишгача бўлган эски уйи ҳамда қурилаётган янги уйи расмлари қуйида келтиради).
 
 
 
 
 
Кимсасиз, ёлғиз яшовчи эканини айтаётган фуқаро Рустамовнинг иқтисодий ҳолати яхши даражада бўлган ака-укалари борлигини, улар томонидан ҳам бошқа жойга кўчиш таклифи бўлганини маълумот ўрнида тақдим этишни лозим деб ўйлаймиз.
Шу ўринда фуқаро Иброҳим Рустамов ҳамда уйи бузилган бошқа бошқа 10 нафар фуқаронинг, жами 11 аҳоли турар-жойлари учун 1,149 миллиард сўм ҳамда 18 та нотурар-жой объектлари учун 1,2692 миллиард сўм, жами 2,611 миллиард сўм компенсация маблағи масаласи ҳал этилганлиги ҳамда келгуси ҳафта давомида тўлаб берилиши расман маълум қилинади.
Видеолавҳада мурожаат билан чиққан яна бир фуқаро, Бозорова Машрабхонга тегишли бўлган Қўриқобод МФЙ Озодлик кўчасида жойлашган турар-жой ҳовли қисмининг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинганлиги эътиборга олиниб, ушбу фуқарога “Обод Марказ” дастури асосан бузилишга тушиши белгиланиб, якунда бузилмаган ва бино-иншоотларига зарар етмаган фуқаро Хатамов Баҳриддинга ажратилган ер участкаси берилди. Тегишли 4603-сонли туман ҳокими қарори 2019 йил 30 сентябрь куни қабул қилинди. Туман марказида олиб борилган ободонлаштириш ишлар жараёнида фуқаро Бозорова Машрабхоннинг бино-иншоотларига умуман зарар етмаган. Туман ҳокимлигига қилаётган мурожаатлари ҳамда киритган даъво аризасида фақатгина ер участкаси масаласи кўтарилган, фуқаронинг бу талаби тўла қондирилди.
 Фуқаро Бозорова Машрабхон тадбиркор бўламан деса йўли тўсилаётгани, банк кредитлари берилмаётгани иддао қилган. Ҳолбуки, АТБ “Халқ банки” туман бўлими томонидан фуқаро Бозорова Машрабхонга 2018 йил 23 октябрда “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури асосида имтиёзли муддатли 7 фоизлик 20 миллион кредит ажратилган. 2019 йил 17 сентябрь куни яна АТБ “Халқ банки” туман бўлими томонидан Бозорова Машрабхоннинг келини Зилола Аҳмадалиева номига аёллар тадбиркорлиги қўллаб-қувватлаш дастури доирасида имтиёзли муддатли 8 фоизлик 20 миллион кредит ҳам ажратилди. Шунингдек, Бозорова Машрабхон номига 2019 йил 12 июнда 20 миллион сўмлик микроқарз ҳам расмийлаштириб берилган.
Видеомурожаатда олти йилдан бери ўзининг ижарада сарсон-саргардон бўлиб юрганини айтаётган фуқаро Муножот Холдорова, тумандаги Уюрчи Дамкўл МФЙ ҳудудида ўз ота-онаси билан бир уйда яшаши қайд этилган. Муножот Холдорова муроса қила олмай ота-онаси ёнидан айрилган ҳамда ишлаш учун Жомашуй шаҳарчасига келиб жойлашган. Туман ҳокимлигида уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож она сифатида мурожаат қилган ҳамда рўйхатга олинган. Муножот Холдорованинг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича мурожаати, қолган мурожаатчилар қаторида ижтимоий устуворлик асосида ҳал этилади.
Давлат эҳтиёжи учун уй-жойи бузилишга тушмаган, бироқ шаҳарсозлик ва бунёдкорлик ишлари жараёнида янгиланиши таклиф этилган Гўзал Ҳайитованинг бузилган уй-жойи қурилишини якунлаш учун туман ҳокимлиги томонидан ҳомийлик маблағлари ташкил этилгани ҳамда бу ишларнинг якунини тўла назоратга олиниши расмий маълум қилинади.
Шунингдек, уй-жой қурилишида иккинчи этажни ёпишда ёрдам сўраган Маъмура Мажидова, банкка кредит сўраб қилган қилган мурожаати қаноатлантирилиб, унга АТБ “Халқ банки” туман бўлими томонидан 30 миллион кредит ажратиш бўйича банк қарори чиқарилди. Яқин муддатда кредит ажратиб берилиши билдирилади.
Жомашуй шаҳарчасида яшовчи фуқаро Тўрабаева Дилфуза томонидан видеолавҳада исми келтирилмасдан қайд этилган қўшниси, ёлғиз яшовчи фуқаро Игорь Мимидиминовнинг ҳолати ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам унинг уй-жойини қуриб битказишга имкони йўқлиги аниқланди. Туман ҳокимлиги фуқаро Мимидиминовнинг уйининг томини ёпиб бериш бўйича ҳам ҳомийлик маблағлари уюштиришни ўз масъулиятига олади ҳамда ёғинли кунлар бошланмасдан бу ишнинг якунланишини таъминлайди.
Фуқаро Тўрабаева Дилфуза томонидан билдирилган зовурлар қирғоғининг аҳоли, айниқса болалар учун хавфли ҳолатга келиб қолгани ҳақиқатда мавжуд муаммо экани қайд этилади. Бу борада туман ҳокимлиги томонидан белгиланган режа мавжуд, жорий йил якунига қадар тегишли ишлар бошланиб, бу муаммо ҳал этилади.
Мингбулоқ тумани ҳокимлиги ўз фаолиятида туманда халқ розилиги ҳамда қонун талаблари ижроси таъминланишини устувор вазифа деб билади ва бунга асосан иш олиб боради. Аҳолининг мавжуд муаммоларини қонун доирасида ҳал этилишини изчил давом эттиради.

Биз Twitterда