"Миллий тикланиш" кўтарган масалани Ҳукумат қўллаб-қувватлади

 
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш, ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ушбу бойликларни камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига чуқур меҳр-ҳурмат, эҳтиром уйғотиш каби мақсад-вазифалар белгиланган.
Шу боис партия Ватанимиздаги мавжуд маданий ёдгорликларни, Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий жойлар, меъморий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори атиқалар сифатида асраб-авайлаш ва қайта таъмирлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
- 2015 йил 26 май куни халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги партия гуруҳининг ташаббуси билан вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига “Наманган вилоятидаги моддий маданий мерос объектларининг сақланиши ва улардан фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масала олиб чиқилиб, қарор қабул қилинишига эришилди, - дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳи раҳбари, Наманган муҳандислик-технология институти ректори Одилжон Маматкаримов. - Ушбу қарорда Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги зиммасига ҳудудда жойлашган “Ахсикент” шаҳристони атрофини ободонлаштириш, унга борадиган йўлда инглиз тилидаги ахборот стендлари ўрнатиш ҳамда мазкур масканда очиқ осмон остидаги музей ташкил этиш вазифаси юклатилган эди. Қувонарлиси, ушбу саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ 2017 йил 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида “Ахсикент” археология объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида”ги 831-сонли Қарори ҳамда бунинг идросини таъминлаш ҳақидаги вилоят ҳокимининг 2017 йил 21 октябрдаги 761-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳукумат қарорида Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини барпо этиш, Ахсикент шаҳрининг макетларини тайёрлаш, малакали мутахассислар, олимларни жалб қилган ҳолда тадқиқ этиш, қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, осори-атиқалар ва бошқа манбалар ҳисобидан музейлаштирилган экспозиция-кўргазма яратиш, юқори технологияларга асосланган ахборот-ресурс маркази фаолиятини самарали йўлга қўйиш каби вазифалар белгиланган. Бу, ўз навбатида, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги партия гуруҳи кўтарган масала ва шунингдек, партия дастурий мақсад-вазифалари ижроси таъминланишига хизмат қилади.
Партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги партия гуруҳларининг фаолиятида бу каби ҳукумат қарорлари муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бундай амалий ишлар депутатларнинг янада самарали фаолият кўрсатиши, депутатлик назорати институти ҳамда депутатлик ваколатларидан унумли фойдаланишларига туртки бўлади.
 
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда