Миллий қадриятларимиз акс этган сайил

 
Президентимизнинг шу йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Наврўз байрами бу йил мамлакатимизнинг барча ҳудудларида умумхалқ сайли сифатида кенг нишонланмоқда.
Хусусан, кўҳна ва навқирон айём – Наврўзи олам шодиёнасига наманганликлар ҳам ўзгача шукуҳ билан пешвоз чиқдилар. Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида байрам тантаналари жорий қилинган янгича тартиб ва янада қулайликлар кекса-ю ёшга бирдай кўтаринки кайфият бағишлади.
Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида, Бобораҳим Машраб номли, “Камолот”, “Кичкинтойлар” боғлари ҳамда янги барпо этилган “Уч фаввора” хиёбонида ҳавола этилган таниқли санъаткорларнинг мумтоз ва миллий куй-қўшиқлари, Ғурумсарой кулолчилари, Чортоқ зардўзлари, Нанай ҳунармандларининг мўъжизага қиёс маҳсулотлари, косонсойлик, коросконлик, чустлик дорбозларнинг бетакрор чиқишлари, ёш дизайнерларнинг миллий либослар кўргазмалари, рақс ва аскиячилик, миллий халқ ўйинлари, спорт мусобақалари, миллий таомлар ва сумалак тайёрлаш танловлари, рассомларнинг амалий кўргазмалари, нуронийлар гурунги кабилар сайил мазмундорлигини таъминлади.
Шу нуқтаи назарда олганда, Наврўз сайилларида халқимизнинг яшариш, янгиланиш, бунёдкорлик билан боғлиқ ҳаётбахш ғояларини ўзида мужассам этган бетакрор маънавий қадриятларидан бири экани ўз ифодасини топди. Қолаверса, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида ҳам миллий, маданий ва маънавий қадриятларни, бой тарихий меросимиз, Ўзбекистон халқининг урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш каби эзгу мақсад-вазифалар илгари сурилган.
Таъкидлаш жоиз, узоқ минг йиллик тарихга эга бўлган кураш миллий қадриятларимиз, матонат, жасорат, ватанпарварлик ва инсонпарварлик асосларини ўзида ёрқин мужассам этган. “Миллий тикланиш” томонидан ўзбек курашини Олимпия ўйинлари дастурига киритиш мақсадида Халқаро Олимпия қўмитаси билан мустаҳкам алоқалар олиб борилаётгани эътироф этиш даркор.
ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгашининг “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” фаоллари айни шу мақсадни қўллаб-қувватлаган ҳолда Наврўз арафасида хайрли ташаббусни илгари сурди. Байрам сайли дастури доирасида 205-2007 йилларда туғилган ва ундан кичик ёшдаги ўсмирлар ва қизлар ўртасида миллий кураш бўйича вилоят биринчилиги мусобақаси Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Наманган вилояти филиали, вилоят жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, вилоят кураш федерацияси, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши ҳамкорлигида юксак уюшқоқлик билан ўтказилди.
 
 
Мусобақа аввалида ўтган йили Ҳиндистонда кураш бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган ЎзМТДП “Ёшлар қаноти” фаоли, янгиқўрғонлик Мухлиса Абдумаликова спортга эндигини қадам қўйган жажжи “юлдуз”ларга маҳорат сабоқларини ўтказди.
- Ўсиб келаётган фарзандларимиз онгу шуурида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳиссини шакллантириш, ёш авлодни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда мана шундай мусобақалар муҳим ўрин тутади, - дейди ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши “Аёллар қаноти” етакчиси Турсуной Мусабекова. - Халқаро спорт ареналаридаги ғолиблик шоҳсупасидан давлатимиз байроғини баланд хилпиратган музаффар спортчиларимизга бугун ҳавас билан боққан навниҳол эртага албатта опа-акалари каби улкан марраларини забт этишга интилиши шубҳасиз.
Сайлга келган минглаб юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотган мазкур мусобақада вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан юздан зиёд ўғил-қиз 19 килограммдан +40 килограммгача бўлган 13 та вазн тоифасида ғолиблик учун гиламга чиқди. Шунингдек, имконияти чекланган ёшлар ҳам баҳсларга киришиб, бағрикенглик ва саховат айёмида ҳеч ким меҳру эътибордан четда эмаслигини яна бир карра ҳис қилдилар. Ҳатто сайилга Самарқанд вилоятидан келган меҳмон Ҳусанбой Раҳимов ҳам ўзини кураш борасидаги маҳоратини синаб кўрди.
Чин маънода миллий кураш спорт турини оммавийлигини оширишга қаратилган, ёшларни мард, жасур, ҳалол, ватанпарвар бўлишга ундайдиган ушбу мусобақа натижаларига кўра, Наманган шаҳридан Аҳрор Зунноров, Азиз Маҳмуджонов, Суҳроб Жўрабоев, Осим Жамолов, Юсуф Ҳошимов, Диёр Тўлабоев, Робия Маматқосимова, Мадина Абдужамилова, Янгиқўрғон туманидан Ниёз Ҳасанбоев, Наманган туманидан Отабек Алижонов, Илёс Жўрабоев, Абдувоҳид Маъруфжонов, Рислиқхон Тоҳирова барча рақибларидан устун келиб, ғолибликни қўлга киритдилар.
 
 
ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши раисининг ўринбосари Соҳибахон Аъзамова, вилоят кураш федерацияси ижрочи директори Муҳаббат Кошевалар ғолиб ва совриндорларга байрамона руҳда диплом, медаллар, эсдалик совғаларини топширдилар.
 Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик
партияси Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда