МИБ Наманган вилоят бошқармаси: Тўлов интизомини мустаҳкамлаш йўлида

Маълумки, бундан икки йил аввал, яъни 2017 йилнинг 29 май куни Президентимизнинг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонга мувофиқ Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Айни вақтда Бюронинг Наманган вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан энергия ресурслари, қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр, табиий газ ва ичимлик суви тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ҳамда олдини олиш, шунингдек суд ҳужжатлариинг ижросини таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.
Энг аввало шуни таъкидлаш керакки, Фармон билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросини ташкил этилиши, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим омил бўлди. Биргина, бу борада амалга оширилган ишларни вилоятимиз мисолида таҳлил этадиган бўлсак, Бюро ташкил этилгандан бери вилоятимизда электр энергиясидан 994,3 млрд. сўм, табиий газдан эса 640,5 млрд.сўм, ичимлик сувидан 57.1 млрд, жами 1 трлн 691 млрд 900 млн сўм маблағ ундиришга эришилди. Келтириб ўтилган рақамларнинг ўзиёқ соҳада тўлов интизомини мустаҳкамланаётганидан далолат.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини бартараф этиш ва олдини олиш, энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш бўйича кунлик тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ўтган йилнинг ўзида олиб борилган тадбирлар давомида энергия ресурслари ва сув таъминоти соҳасида ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож қилиш, энергия ресурсларини ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатлар юзасидан электр энергияси соҳасида 4703 та, табиий газ соҳасида 884 та ва ичимлик сув соҳасида 120 та жами 5712 та ҳуқуқбузарлик аниқланди. Бюро томонидан 108 та жиноят иши қўзғатилди, 203 та жиноят иши қўзғатиш рад этилди. Энергия ресурслари ва сув таъминотчи корхоналари фойдасига етказилган 10.757,1 млн. сўм зарарни ундириш чоралари кўрилди.
Масалан, Чортоқ тумани, Бодомзор МФЙ худудида фермер хўжаликда энергия ресурслари ва сувдан ноқонуний фойдаланиш холатларини аниқлаш юзасидан ўтказилган тадбирда, Б.Пирматов (исми фамилияси ўзгартирилган) электр тармоғига, ҳеч қандай ҳужжатсиз электр ҳисоблагичсиз ўзбошимчалик билан, тўғридан-тўғри электр тармоғига уланиб олиб, 8 кВт.ли сув насосдан 2016 йил январь ойидан 2018 йилнинг 10 августига қадар фойдаланиб келган ва таъминотчи корхона манфаатига 177.067 кВт.соат яъни 40.477.447 сўм миқдорида зарар етказганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Бюронинг Чортоқ туман бўлими томонидан фермер ҳўжалиги раҳбари Б.Пирматовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1852-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, юқорида тилга олинган фуқаронинг ноқонуний ҳатти-ҳаракати ўзига, оилавий бюджетига зарар етказиши оқибатини эртароқ тушунгада эди? Яъни, ўзбошимчалик билан тармоқдан ноқонуний фойдаланиши биринчи навбатда ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарди. Қолаверса ўзи суд жавобгарлигига тортилиб, оилавий бюджетига эса миллионлаб зарар етказди. Шундай экан ҳар бир истеъмолчи энергия ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тўловларни ўз вақтида амалга ошириши, тармоқлардан ноқонуний фойдаланмаслиги хотиржамлик гарови эканлигини яна бир бор ёдга солсак фойдадан ҳоли бўлмайди, албатта.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Жумладан, ўтган даврда бошқарма, шаҳар ва туманлар бўлимлари иш юритувида бўлган жами 408279 та ижро ҳужжатларининг 1 трлн 244 млрд сўмлик 375345 таси ижроси тамомланди. Давлат фойдасига эса 613,5 млрд. сўмлик 330545 та ижро ҳужжатлари ундирилди. Бундан ташқари, 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига 26.194 та алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўлиб, туман-шаҳарларда ҳар бир ижро ҳужжатларининг аҳволи вилоят бошқармасининг ходимлари иштирокида ўрганиб чиқилди ва алимент тўловчилар тоифаларга ажратилди. Жамоатчилик вакиллари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ҳамкорликда хеч қаерда ишламайдиган, ёлланма ёки умуман фойдали меҳнат билан шуғулланмайдиган алимент қарздорлиги мавжуд шахслар билан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ўтказилди. Уларга узоқ муддат давомида алимент тўламасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилдива иш билан таъминлаш юзасидан бўш иш ўринлари менат ярмаркалари ташкил этилди. Албатта, бюро органлари томонидан оилаларни яраштирувига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бюронинг шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларида фаоллар, ажрашиб кетган оилалар билан ўтказилаётган тадбирларда алимент соҳасидаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ҳақида кенг тушунчалар бериб келишмоқда. Ўз ўрнида кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда оилаларни яраштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мисол учун Косонсой туманидаги Маҳдуми Аъзам маҳалласида ўтказилган тарғибот тадбиридан сўнг Қобилжон Аллаев ва Марҳабо Мамажановалар оиласи ярашишга қарор қилди. Аниқланишича, ушбу оила 2018 йилда турли сабаблари билан ажрашиб кетган эди. Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг 2018 йил 21 май кунидаги ижро ҳужжати бўйича қарздор Комилжон Аллаев ундирувчи Марҳабо Мамажанова фойдасига вояга етмаган 2 нафар фарзандининг моддий таъминоти алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Ушбу оиланинг яраштириш орқали бўлим ижро юритувидаги иш тамомланди.
Албатта, жамиятда қонунийликни таъминлаш устувор вазифаларидан биридир. Бунда биринчи навбатда фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий маданиятни ошириш муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда бошқарма, шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотларда соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш ва тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бундан тадбирларда фойдаланилган энергия ва сув ресурслари учун истеъмолчилар томонидан ўз вақтида тўлиқ тўловларни амалга оширишлари, ноқонуний тармоқлардан фойдаланишни ҳуқуқий оқибатлари юзасидан тушунчалар берилмоқда. Бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланилаётгани кутилган самара бермоқда.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида бошқарма, шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан мурожаатларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилган. Таҳлилларга кўра ўтган давр мобайнида бошқарма ҳамда туман-шаҳар бўлимларига 22.789 та мурожаатлар келиб тушган ва уларнинг 20.754 таси бевосита ҳал этилди. Ҳал этилган мурожаатларнинг 8.493 таси қаноатлантирилган, 12.078 таси бўйича муаллифларга ҳуқуқий тушунтириш берилган, 183 таси рад этилган. Шу билан бирга, 8.139 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тикланишига эришилган. Масалан, Наманган шаҳар, Мингчинор МФЙда, Турғун Пўлат кўчасида яшовчи фуқаро М.Акиловнинг хонадонида фойдаланилган табиий газдан асоссиз қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб ёзган мурожаати Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармсида ўз ечимини топди. Гап шундаки, Наманган шаҳаргаз таъминоти корхонаси томонидан фуқаро М.Акиловнинг хонадонидаги ҳисоблагич кўрсаткичи “Биллинггаз” электрон дастурига нотўғри киритилганлиги оқибатида унинг хонадонига нореал қарздорлик ҳисобланганган. Ушбу ҳолат юзасидан бюро ходимлари томонидан далолатнома расмийлаштирилиб, қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилинда.Фуқаро М.Акиловнинг хонадонидаги нореал қарздорлик “Биллинггаз” электрон дастуридан чиқариб ташланиб, мурожаати қаноатлантирилди.
Шу билан бирга бевосита аҳоли билан мулоқот қилиш, мурожаатларни жойида кўриб, уларга ечим топиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Ўтказилган сайёр қабул давомида 312 нафар фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинган.
Асосийси қисқа муддат ичида ижро интизоми мустаҳкамланиб, истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини янада ошгани соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.
Шуҳрат Қосимов,
Мажбурий ижро бюроси
Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи

Биз Twitterда