Матбуот анжуманида Эрдоғаннинг сўзи (тўла матн): Биз дўст, қардош ва қариндош сифатида Ўзбекистоннинг кучли бўлишини ҳохлаймиз

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған таклифига биноан Туркия Республикасига расмий ташрифи биринчи кунида Туркия Республикаси Президенти саройида бўлиб ўтган Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоғаннинг тор доирада учрашуви ҳамда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги мулоқотдан сўнг, давлат раҳбарлари қўшма матбуот анжумани ўтказишди. 
 
 
Анжуманни очган Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған қуйидагиларни айтди:
Жон Ўзбекистоннинг муҳтарам Президенти азиз қардошим Шавкат Мирзиёвга, сизларнинг ҳузурингизда яна бир бор “Ўлкамизга, пойтахтимизга хуш келибсиз” дейман. Жаноби олийларини ва делегация аъзоларини мамлакатимизда кутиб олишдан жуда катта бахтиёрлик ҳис этяпман.
Бу ташрифнинг аҳамияти шундаки, у 20 йиллик танаффусдан кейин илк бор амалга оширилди. Бу жиҳатдан бу ташриф биз учун ўта аҳамиятли  ва маънолидир. Қадрли дўстим Мирзиёев билан аввал яккама-якка, кейин кенгайтирилган делегациялараро даражада музокаралар ўтказдик. Икки мамлакат ўртасидаги бу учрашувлар жуда фойдали бўлди. Иқтисодиётдан мудофааа саноатигача, соғлиқни сақлашдан қишлоқ хўжалигигача, таълимдан маданиятгача бўлган кўплаб соҳаларда ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдик. Албаттаки, Марказий Осиёнинг 31, 5 миллион аҳолиси мавжуд бўлган ўлкаси Ўзбекистон, жуда бой ерости ва ерусти манбалари билан ҳар жиҳатдан стратегик мамлакат ҳисобланади. Дунёда табиий газ қазиб олишда еттинчи, уран қазиб чиқаришда тўртинчи, пахта етиштиришда олтинчи ва пахта экспортида иккинчи ўринда туради. Шундай бўлишига қарамай, иқтисодий ва савдо алоқаларимиз кутган даражамизда эмаслигини кўряпмиз. Ўзаро савдо айланмамиз 2016 йили 1,2 миллиард долларга тенг эди. Ҳамд бўлсин, бу йилнинг дастлабки саккиз ойида 900 миллион долларлик натижага эришдик. Иншооллоҳ, яқин муддатда бу кўрсаткични юқорига кўтарамиз. Бу мавзуда иккимизда ҳам, тадбиркорларимизда ҳам қатъиятни кўряпмиз. Ишбилармонларни тўла қўллаб-қувватлаймиз. Қадрли қардошим бошчилигида Ўзбекистон ҳозир жуда катта қарорлар билан жиддий ривожланишга йўл тутмоқда. Биз ҳам барча тажрибаларимиз ва имкониятларимиз билан уларга ёрдам беришга давом этамиз. Туркия, хабарингиз бор, қурилиш борасида дунёда иккинчи ўринда туради. Бу борада ҳам тажрибаларимизни Ўзбекистон билан баҳам кўришамиз. Эртага Истанбулда бўлиб ўтадиган Туркия-Ўзбекистон бизнес-форуми ҳам ҳар жиҳатдан фойдали ва баракали бўлиб ўтишига ишончим комил.
Музокараларимиздаги яна бир алоҳида муҳим мавзу бу маданият ва туризм масаласидир. Айниқса, туризм соҳасини олсак, Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби жойлари биз учун катта аҳамият касб этади. Ўзбекистон маданият бешиги бўлган бу шаҳарлар жойлашган заминдир. Бу қадим шаҳарлар фақат Туркияда эмас, балки бутун Туркий дунёсида, Ислом оламида ўрни ва аҳамияти катта. Туризм соҳасида ҳамкорликдаги лойиҳаларимиз билан катта ишлар амалга оширамиз. Ҳаттоки, қадрли биродаримнинг менга айтганидек, у ерда тоғ-чанғи комплекси қуриш лойиҳасини турк ишбилармон сармояси билан амалга оширамиз. Бу ерда туриб, сизга яна бир хушхабар айтмоқчиман: Турк ҳаво йўллари, иншооллоҳ, 16 мартдан эътиборан Истанбулдан Самарқандга доимий учишларни йўлга қўяди. Бу билан икки қардош халқ, ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлайди.
Ҳурматли матбуот вакиллари!
Бугунги музокарамизда минтақавий ўзгаришларни ҳам баҳолаб, фикр алмашинувида имкониятига эга бўлдик. Халқаро анжуманларда ҳамкорлигимизни ошириш борасида тўхталиб ўтдик. Бугун қабул қилинган  Қўшма баёнотда ҳам келажак билан боғлиқ аниқ режаларимизни маълум қилдик. Бугун 22 шартнома ва битим имзоладик, эртага Истанбулда яна тўрт шартнома имзоланади. Умумлаштирганда, 26 шартнома ва битим билан бу ташриф доирасида катта бир ўзгаришни амалга оширяпмиз. Айниқса, давлат ходимларига таълим беришда, муҳандислик, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда таълим ва грантлар борасида ташланадиган қадамларимизни ҳам кўриб чиқдик. Туркий Ислом цивилизациянинг икки қадим ўлкаси бир-бирига янада кўпроқ фойдали бўлиши йўлларини қандай топиш борасида фикр юритдик. Барча вазирлик ва идораларга Ўзбекистон билан ҳамкорликни ҳар соҳада ривожлантириш учун топшириқ бердик. Худди шундай кўрсатманинг Ўзбекистонда ҳам мавжудлиги бизни жуда хурсанд қилди. Имом Бухорий институти, Имом Мотуридий институтини орзу қилардик, бу борадаги орамиздаги ҳамжиҳатликдан жуда мамнунмиз. Албаттаки, Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликнинг ривожланишини чин юракдан истаймиз. Ҳар доим ифодалаганимиздек, бирдамликнинг, кучли бўлишнинг калити бирликдир. Бу борада ташланган ҳар бир қадам аҳамиятлидир, муҳимдир. Қадрли қардошим Мирзиёевнинг айниқса қўшнилар билан дўстлик муносабатларини ривожлантириш борасидаги сайъ-ҳаракатларини жон-дилдан қўллаб қувватлаймиз.
Ўзбекистоннинг миллий шоири, марҳум Абдулло Ориповнинг қуйидаги ажойиб ифодаси билан айтганда, Музаффар бўл, ғолиб бўл, ўктам, Дўст-у ёринг, қардошинг билан. Асрларнинг силсиласида Боқий тургай кошонанг сенинг. Улуғ башар оиласида.
Биз дўст, қардош ва қариндош сифатида Ўзбекистоннинг ҳар доим кучли бўлишини ҳохлаймиз. Азиз ва қадрли қардошим Мирзиёевнинг бу тарихий ташрифи икки ўлка ўртасидаги тақдирдошликни янада кучайтиришини Оллоҳдан сўрайман. Бу сўзлар билан қадрли қардошимга, Ўзбекистон делегацияси аъзоларига мамлакатимизга, пойтахтимизга ва Истанбулга хуш келибсиз, деб қоламан.

Биз Twitterда