Маҳмуд Алмавас: Ўзбекистон билан ўйинда ғолиб бўламиз!

 
23 март куни Малайзияда Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари ЖЧ–2018 турнири саралаш босқичи “А” гуруҳи 6-турида Сурия термасига қарши майдонга чиқишади. Терма жамоамизда бўлгани каби, Сурия миллий терма жамоаси ҳам бу ўйинга пухта тайёргарлик билан келмоқда. Vodiymedia.uz вакиллари сурияликлар ҳужумкор ярим ҳимоячиси Маҳмуд Алмавас билан суҳбатлашди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
 
- Маҳмуд, Сурия-Ўзбекистон ўйини арафасида жамоангизда тайёргарлик ҳолати қандай? Суриянинг 5 ўйиндан сўнг 5 очко билан иккинчи даврани бошлаши ўйинчилар руҳиятига қандай таъсир кўрсатмоқда?
 - Аввало, Ўзбек футбол ишқибозларига ўз саломларимни айтган ҳолда, шуни таъкидлашим керакки, биз учун бундан буёғига ҳар бир ўйин финалдек бўлади. Сурия-Ўзбекистон учрашуви эса тақдиримизни белгиловчи энг аҳамиятли ўйиндир.Мен ўзимга ва жамоадошларимга ишонаман, ва Худо ҳохласа, биз бу ўйинда ғолиб бўламиз.
- Сурия ўз ўйинларини маълум сабабларга кўра, бетараф майдонда ўтказишга мажбур бўлмоқда. Лекин, Малайзияда ҳам терма жамоангиз яхши натижаларга эришмоқда. Ўйинчилар учун бу омилнинг аҳамияти йўқми?
- Албаттаки, ҳар ким ҳам ўз майдонида, мухлислари қаршисида ўйнашни истайди. Лекин бугунги вазиятда биз учун ҳозирча бунинг имкони йўқ. Шундай бўлса ҳам, ижтимоий тармоқлар орқали мухлисларимиз шу қадар катта эътибор беришмоқдаки бизга, бу қўллаб-қувватлашни биз тўла ҳис этмоқдамиз. Айнан шу бизга уларнинг орзуларини рўёбга чиқаришга ёрдам беради.
- Ҳозирги турнир жадвалидан келиб чиқадиган бўлсак, Сурия терма жамоаси турнир якуни учун олдига қўйган мақсадлари ўзгардими?
- Йўқ, биз саралаш бошида ҳам гуруҳдан тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритиш ниятида эдик, ҳозир ҳам бунга ишончимиз бор. Учта уй ўйинида 9 очкони қўлга киритсак, икки сафар учрашувларида рақибларимизга сюрприз тайёрлашни уддалаймиз.
- Ўзбекистон терма жамоаси ҳам бу ўйинга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Бизнинг жамоа ва ўйинчилари ҳақида фикрингиз?
- Сизнинг термада кучли футболчилар етарли. Айниқса Сардор Рашидовни алоҳида тилга олишни истардим. Мен Қатардаги фаолиятим давомида унинг ўйинларини бевосита кўрганим учун айта оламанки, Рашидов юқори савиядаги футболчи. Бироқ, нима бўлганда ҳам терма жамоамиз ҳимоячилари уни ҳам, қолган ҳужумкор футболчиларингизни ҳам тўхтатишга қурблари етади.
 
Дилмурод Жумабоев суҳбатлашди

Биз Twitterда