Қўл жанги усталари Наманганда аниқланди

 
Шу йилнинг 24-26 март кунлари Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида қўл жанги спорт тури бўйича ўсмирлар, ёшлар, қизлар ва профессионал спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қўл жанги федерацияси ташаббуси билан ташкиллаштирилган “Олтин водий” баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 500 нафардан зиёд спортчи 24 килограммдан 90 килограммгача бўлган 27 та вазн тоифасида ғолиблик учун рингга кўтарилди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом, руҳан тетик ва ақлан баркамол руҳда тарбиялашда спортнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
 
 
Дарҳақиқат, мана шундай оммавий спорт тадбирлари ва мусобақалари келгусида она юртимиз мудофааси учун мард, жасур, ватанпарвар ёшларни камолга етказишда, қолаверса ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари хизматларига муносиб бўлган номзод кадрлар захирасини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Мусобақа ташкилотчилари муросасиз ва қизғин кечган беллашувларда айни шу жиҳатларга эътибор қаратишганини айтиб ўтиш жоиз.
Чемпионатнинг энг кичик, яъни 10-11 ёшдаги жажжи иштирокчилари орасидаги баҳсларда Андижон вилоятидан Шаҳбоз Шавкатов, Муҳаммадқодир Олимов, Абдулазиз Турсунов, Наманган вилоятидан Иброҳим Исмоилов, Улуғбек Мирзо Жалолиддинов, Раҳимжон Маҳмудов, Фарғона вилоятидан Муҳаммадбилол Рустамов ғалаба нашидасини сурди.
12-13 ёшдаги ўғил болалар ўртасидаги рақобатларда андижонлик Муҳаммадамин Комилов, Сардор Эркинов, Раҳматулло Мирзаолимов, наманганлик Асадбек Юсуфжонов, Насибулло Ҳабибуллаев, Отабек Абдуҳалимов, фарғоналик Зокир Валижонов, Асрор Ўринов, Тошкент вилоятидан Аслиддин Тиллаҳаматов, бухоролик Ёрқинбек Олимовларга тенг келадигани топилмади.
Томошабинларда катта қизиқиш уйғотган қизлар иштирокидаги жангларда Қорақалпоғистон Республикасидан Комола Амангелдиева, Манзура Аҳмедова, Андижон вилоятидан Нозима Ҳусанова, Сўғдиёна Жамолиддинова, Фарғона вилоятидан Маржона Толипова, Тошкент шаҳридан Ойгул Валиевалар ғолиб деб эътироф этилди.
Профессионал спортчилар қатнашган жанглар шунга монанд кескин ва муросасиз тарзда ўтди. Унда барча рақибларини енгган қашқадарёлик Рамазон Темиров, фарғоналик Жавоҳир Мирзашонов, Навоий вилоятидан Бунёд Шокиров, хоразмлик Қувондиқ Юсупов чемпионлик унвонига эга чиқишди.
 
 
Мусобақада энг кўп медалларга сазовор бўлган Наманган вилояти қўл жанги усталари умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни қўлга киритдилар. Андижон вилояти жамоаси иккинчи, фарғоналик спортчилар эса учинчи поғонадан жой олишди.
Тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қўл жанги федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Мирзақулов, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Наманган вилояти филиали директори Акмалхон Мамадумаров, Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи муовини, подполковник Дилмурод Хўжақулов “Олтин водий”нинг ғолиб ва совриндорларига диплом, медаллар, қимматбаҳо совғаларни топширдилар.
 
 
Шуни қайд этиш лозимки, ғолиб спортчилар май ойида Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳрида бўладиган Осиё биринчилигида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладилар.
Оқилхон ДАДАБОЕВ
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар

Биз Twitterда