Кўчки сабаб Қамчиқда транспорт воситаларининг ҳаракати тўхтатилди

Article
2017 йил 3 февраль куни соат 09:40 да А-373 «Тошкент—Ўш» автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган 233 километрида ҳажми 1000 метр кубгача, соат 10:30 да эса йўлнинг 243 километрида ҳажми 250 метр куб бўлган қор кўчкиси содир бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) хабар бермоқда.
Олинган хабар бўйича ФВВ ва «Ўзавтойўл» компанияси томонидан автомобиль йўлининг ушбу участкаларида қордан тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Қор кўчкиси талофатлар келтириб чиқармаган, аҳоли ўртасида жабрланганлар йўқ.
Шу куни «Тошкент—Ўш» автомобиль йўлининг қор кўчкиси хавфи мавжуд, Қамчиқ довонидан ўтган 228—253-километрларида ҳамда бошқа участкаларда ФВВ ва ИВВ ЙҲХББ куч ва воситалари томонидан автотранспорт воситаларининг ҳаракати тўхтатилган.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманида автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларни қабул қилиш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
«Қамчиқ довонидан ўтишга улгурмаган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларни Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманидаги мавжуд умумовқатланиш шохобчаларига жойлаштирилмоқда. Улар учун барча шароитлар (иссиқ овқат, ичимлик суви, дам олиш жойлари) яратилган», — дейилади ФВВ ахборотида.
Қор қатлами йиғиладиган жойлар ҳолати мустаҳкам эмас, қор кўчиши хавфи мавжуд.

Биз Twitterда