Косонсой сув омбори муаммоси давлатлараро фойдаланиш келишуви орқали ҳал этилди

 
Шу йилнинг 5 октбярь куни Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоевнинг Тошкентга давлат ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти Олабуқа туманида Ўртатўқай (Косонсой) сув омборининг сув ресурсларидан давлатлараро фойдаланиш тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда Кун.уз хабар берди.
Шу пайтга қадар мазкур сув омбори Ўзбекистон томонидан эксплуатация қилинар эди. Янги битимга мувофиқ, эндиликда сув омбори бошқаруви Қирғизтон томонига ўтди. Ўзбекистон томони Қирғизистондан бир неча йиллар давомида низоли чегара ҳудуди сифатида эътироф этилган Унғор-Тоо тоғолди ерларидан Косонсойга эркин ўтиш йўлагини яратиб беришни талаб қилиб келганди. Аслида 1941 йилда қурилиши бошланган сув омбори ЎзССР ҳисобидан Ўртатўқайда барпо этилган.
Қирғизистон қишлоқ хўжалиги вазири Нурлан Мурашевнинг айтишича, янги битим шартларига мувофиқ, Ўзбекистон сув омбори сувларидан фойдалангани учун харажатларни тўлиқ қоплайди. «Ходимлар маоши, таъмирлаш ишлари ва жиҳозларни янгилаш учун пулни бундан буёғига Ўзбекистон томони тўлайди», деган у.
Мазкур келишув узоқ йиллик келишмовчиликни йўққа чиқариб, ҳукуматларнинг муросара йўлини танлаганини билдиради.

Биз Twitterда