Кореялик гулчилар Намангандаги "Гул байрами-2017" да иштирок этишади!

 
Наманган – гуллар шаҳри! Бу иборани наманганликлар ифтихор билан тилга олишса, қолганлар тилида бу ҳавас билан ифода этилади.
Наманганда азалдан мавжуд бўлган гулчиликнинг ўзига хос мактабини янада ривожлантириш, маҳаллий гулчилар тажрибасини ва малакасини ошириш ҳамда хорижий давлатларда етиштирилаётган ноёб гуллар ва манзарали дарахт навларини маҳаллийлаштириш, янги навларни яратиш мақсадида гулчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган боғбон ва тадбиркордан иборат вилоят делегацияси Жанубий Корея Республикасига бўлиб қайтди.
Ташриф Жанубий Кореянинг Ильсан шаҳридаги Қишлоқ хўжалиги илмий йўналиш институтини бориб кўриш билан бошланди. Сўнгра, гул етиштиришга ихтисослаштирилган “Koduk Green House” компаниясига бориб, улар яратган иссиқхоналарда гулларни қандай усулда ўстирилаётганлиги ва парваришланаётганлиги ўрганилди.
Иссиқхонада ҳаво намлиги ҳисобига суғорилмайдиган, илдизсиз гуллар ва ўсимликларни етиштириш ва ёввойи гулларни маданийлаштириш билан шуғулланувчи “Joinfolia” гулчилик компаниясига сафар ҳам тажриба алмашиниш борасида катта аҳамият касб этди.
 “Roseria” компанияси билан танишиш давомида эса иссиқхонада қулупнай етиштириш билан боғлиқ шароитлар ўрганилди.
 
 
 “Korean Florist Association” (Корея гулчилари ассоциацияси) раиси Им Юнг О билан учрашув ҳам наманганлик гулчиларда катта таассурот қолдирди. 1967 йили ташкил топган, 80 000 аъзолари бор “Korean Florist Association” жойлашган бинода гуллар сотиш биржаси жойлашган бўлиб, 900 дан ортиқ брокер Кореяда етиштирилган турли хилдаги гулларни дунё бозорида сотади ва шартномалар имзолайди. Ўтган 2016 йили ассоциация томонидан 720 миллион АҚШ доллари миқдоридаги гуллар сотилиши амалга оширилгани наманганлик гулчилик борасида иш олиб борувчи тадбиркорлар учун ўзига хос келгуси интилишлар поғонаси сифатида қабул қилинди.
Ўзбекистонлик гулчилик мутахассислари “Hanmi Nursery” гул етиштириш компаниясига зиёрат чоғида бу ерда бир сутка давомида махсус техника ёрдамида 1 миллион 800 дона гул экиш технологияси билан ҳам танишдилар.
Коянг шаҳри мэриясига ташриф ҳам сафарнинг асосий нуқталаридан бири бўлди. Шаҳарда ҳар йили ўтказилаётган анъанавий гуллар ярмаркасида 60 дан ортиқ мамлакатлар вакиллари қатнашади. Ўтган 2016 йилги ярмаркада 17 кун давомида 340 миллион АҚШ долларлик гуллар сотилган. Ярмарка вақтида етиштирилаётган гулларни олиб-сотиш учун шартномалар имзоланади. Коянг шаҳри раҳбарига маҳаллий гулчилар билан бирга Наманганда шу йил 28 апрелдан 14 майгача ўтказиладиган Гул байрамига қатнашиш таклифи у томонидан мамнуният билан қабул қилинди.
Қайд этилганлардан ташқари, яна ўнга яқин гулчиликка ихтисослашган йирик комплексларнинг иш фаолияти билан танишиш, янгиликларини ўзлаштиришни ҳам қўшганда, наманганлик гулчиларнинг Жанубий Корея сафари ҳар жиҳатдан аҳамиятли ҳамда фойдали бўлди.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда